1
Шундай қилиб, Ёқуб бутун мол–мулкини олиб, йўлга чиқди. У Бэршэвага етиб келиб, отаси Исҳоқнинг Худосига қурбонликлар қилди.
2
Тунда Худодан Ёқубга ваҳий келди: — Ёқуб! Ёқуб! — Лаббай! — деди у.
3
— Мен Худоман, отангнинг Худосиман, — деди Худо. — Қўрқмасдан Мисрга боравер, Мен у ерда сендан буюк халқ яратаман.
4
Мен сен билан бирга Мисрга бориб, Сенинг наслингни у ердан Ўзим олиб чиқаман. Сен Юсуфнинг қўлида жон берасан.
5
Сўнгра Ёқуб Бэршэвадан кетди. Ўғиллар отасини, болаларини, хотинларини фиръавн юборган араваларга ўтқаздилар.
6
Улар Канъонда орттирган чорвасини, ҳамма мол–мулкини олиб, Мисрга кетдилар. Ёқуб ва унинг ҳамма оила аъзолари
7
— ўғиллари, қизлари ва набиралари кетдилар.
8
Мисрга кетган Исроил халқи, яъни Ёқуб наслининг исмлари қуйидагичадир: Ёқубнинг тўнғич ўғли Рубен ва
9
унинг ўғиллари — Ханўх, Паллув, Хазрон ва Карми.
10
Шимўн ва унинг ўғиллари — Ямувол, Ёмин, Охад, Ёхин, Зўхар ва Шовул. (Шовулнинг онаси Канъонлик эди.)
11
Леви ва унинг ўғиллари — Гершон, Қоҳот, Марори.
12
Яҳудо ва унинг ўғиллари — Ғур, Ўнан, Шело, Параз ва Зерах. (Лекин Ғур ва Ўнан Канъон юртида вафот этган эдилар.) Параз ва унинг ўғиллари — Хазрон ва Хомул.
13
Иссахор ва унинг ўғиллари — Тўло, Пувах, Ёшув ва Шимрон.
14
Забулун ва унинг ўғиллари — Саред, Элўн ва Яхлиёл.
15
Ёқубнинг Леахдан кўрган ана шу насли ва қизи Дина Паддон–Орамда туғилган эдилар. Ёқубнинг Леахдан тарқалган насли жами бўлиб ўттиз уч киши эди.
16
Гад ва унинг ўғиллари — Зафўн, Хаги, Шуно, Эзбўн, Эри, Арўд ва Эрали.
17
Ошер ва унинг ўғиллари — Йимнах, Йишво, Йишви ва Бариё. Буларнинг Серах деган сингиллари ҳам бор эди. Бариёнинг ўғиллари — Хабер ва Малхиёл.
18
Ёқубнинг Зилподан туғилган насли ана шулардир. Лобон қизи Леахга Зилпони чўри қилиб берган эди. Улар ҳаммаси бўлиб ўн олти киши эди.
19
Ёқубнинг хотини Роҳиладан туғилган ўғиллар — Юсуф билан Бенямин.
20
Юсуф Миср юртида хотини Осанатдан Манаше ва Эфрайимни кўрди. Осанат Он шаҳрининг руҳонийси Пўтиферонинг қизи эди.
21
Бенямин ўғиллари — Бэлах, Бохир, Ошбол, Гера, Нўмон, Эхи, Рўш, Мупим, Хупим ва Ард.
22
Ёқубнинг Роҳиладан тарқалган насли ана шулардир. Улар ҳаммаси бўлиб ўн тўрт киши эди.
23
Дан ва унинг ўғли — Хушим.
24
Нафтали ва унинг ўғиллари — Яхзаёл, Гўно, Изар ва Шиллем.
25
Ёқубнинг Билхахдан тарқалган насли ана шулардир. Билхахни Лобон қизи Роҳилага чўри қилиб берган эди. Ҳаммаси бўлиб етти киши эди.
26
Ёқуб билан бирга Мисрга келган унинг насли ҳаммаси бўлиб олтмиш олти киши эди. Келинлари бу ҳисобга кирмасди.
27
Юсуф Мисрда икки ўғил кўрган эди. Шундай қилиб, Ёқуб хонадонидан Мисрга келганлар ҳаммаси бўлиб етмиш киши эди.
28
Ёқуб Яҳудога: “Юсуф бизни Гўшен ерларига бошлаб борсин”, деб олдин уни Юсуфнинг олдига жўнатган эди. Улар Гўшенга етиб келганларидан кейин,
29
Юсуф аравасини қўшиб, отасини кутиб олиш учун Гўшенга кетди. Юсуф отасини кўриши биланоқ, уни қучоқлаб, бўйнига осилиб, узоқ йиғлади.
30
Ёқуб Юсуфга: — Тирик эканингни кўзларим билан кўрдим, энди ўлсам ҳам армоним йўқ, — деди.
31
Юсуф акаларига, отаси хонадонининг қолган аҳлига деди: — Мен бориб, фиръавнга: “Канъон юртидан ака–укаларим, отамнинг қолган оила аъзолари менинг олдимга келишди”, деб хабар берайин.
32
Мен фиръавнга яна: “Улар чўпон, чорвадорлик билан шуғулланишади, мол–қўйларини, бор мулкини олиб келишибди”, деб айтайин.
33
Фиръавн сизларни чақириб: “Касб–корингиз нима?” деб сўраб қолса,
34
унга: “Биз, қулларингиз, ёшлигимиздан ҳозиргача чўпонлик билан машғулмиз, ота–боболаримиз ҳам чўпон бўлиб ўтишган”, деб айтинглар. Токи Гўшен ерларига ўрнашиб олишларингизга у ижозат берсин. Чунки Мисрликлар чўпонлардан ҳазар қилишади.
Uzbek Bible 2016 (UZB)
Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020