Баҳор бошланиб, шоҳлар урушга кетадиган пайт ҳам бўлди. Довуд лашкарбошиларига ва бутун Исроил қўшинига Йўабни бош қилиб, урушга юборди. Улар Оммон лашкарини яксон қилиб, Рабба шаҳрини қамал қилишди. Довуднинг ўзи Қуддусда қолган эди.
Бир куни оқшом пайти Довуд ётоғидан чиқди–да, сарой томига кўтарилиб шаҳарни томоша қила бошлади. Бирдан чўмилаётган бир аёлни кўриб қолди. Аёл жуда гўзал эди.
Довуд биттасига: — Бориб бил–чи, у ким экан, — деб жўнатди. Ўша одам қайтиб келиб: — У аёл Элиёмнинг қизи, Хет халқидан бўлган Уриёнинг хотини, исми Ботшева экан, — деди.
Довуд: “Аёлни олиб келинглар”, деб хизматкорларини жўнатди. Аёлни Довуднинг ҳузурига олиб келишди. Аёл ҳайз кўрган бўлиб, тозаланиш расм–русумларини энди тугатган экан. Довуд у билан бирга бўлди. Кейин аёл уйига қайтди.
Уриё шундай жавоб берди: — Худонинг сандиғи ҳам, Исроил ва Яҳудо сипоҳлари ҳам чодирларда қолди, лашкарбошим Йўаб билан жаноби олийларининг одамлари яп–яланг майдонда чодир тикиб ётишибди. Аҳвол шунақалигини била туриб, мен еб–ичиш, хотиним билан бирга бўлиш учун уйимга борсам яхши бўлмас. Онт ичиб айтаманки, зинҳор бундай иш қилмайман.
Лекин шоҳ ғазабланиб, сенга шундай деб айтиб қолиши мумкин: “Улар билан жанг қилиш учун нимага шаҳарга бунчалик яқин бордингизлар? Улар шаҳар деворидан туриб ўқ отишларини билмасмидингизлар?
Гидўннинг ўғли Абумалекни ким ўлдирган эди? Эсингизда йўқми, Тавозда бир аёл Абумалекнинг устига девор тепасидан тегирмон тошини ташлаб юбориб ўлдирганди–ку! Шундай экан, нима учун деворга бунчалик яқин бордингизлар?” Агар шу гапларни айтса, сен: “Қулингиз Уриё ҳам ўлди”, дейсан.