Шава маликаси Сулаймоннинг донғини, Эгамизга атаб қилган ишларини эшитгач, Сулаймоннинг ҳузурига келди. У Сулаймонга топишмоқлар айтиб синаб кўрмоқчи эди.
Малика Қуддусга жуда кўп миқдорда олтин ва қимматбаҳо тошлар, хушбўй зираворлар юкланган катта карвонни бошлаб келди. Малика Сулаймоннинг ҳузурига киргач, кўнглида нима бўлса, ҳаммасини унга айтди.
Келиб ўз кўзларим билан кўрмагунча гап–сўзларга ишонмаган эдим. Менга ҳатто ярмини ҳам айтишмаган экан. Мен эшитгандан ҳам кўра, донороқ экансиз, бойлигингиз ҳам жуда кўп экан.
Сиздан мамнун бўлиб, Исроил тахти узра ўтқазган Эгангиз Худога ҳамду санолар бўлсин. У Исроилни то абад севгани учун адолат ва тўғрилик билан ҳукм этсин, деб сизни шоҳ қилган экан.
Шоҳ у ёғочлардан Эгамизнинг уйи учун ҳам, шоҳ саройи учун ҳам жиҳозлар, мусиқачилар учун лира ва арфалар ясаттирганди. Бугунгача бунақа сандал дарахти ёғочлари келтирилмаган ва ҳеч ким кўрмаган эди.
Тахтнинг олтита поғонаси бўлиб, суянчиғининг юқориси орқага қайрилган, ўриндиғининг икки томонида тирсаги бор эди. Тирсакларнинг ёнида иккита шер тасвири турарди.
Ҳар бир поғонанинг икки чеккасида ҳам биттадан шер тасвири бўлиб, тахтнинг олти поғонасида жами ўн иккита шер тасвири бор эди. Бундай тахт бошқа бирорта шоҳликда бўлмаган эди.
Шоҳ Сулаймоннинг ичимлик ичадиган ҳамма идишлари олтиндан, “Лубнон ўрмони” деган уйдаги ҳамма идишлар ҳам тоза олтиндан бўлиб, бирорта ҳам буюм кумушдан ясалмаган эди. Сулаймон даврида кумуш арзимас нарса бўлиб қолганди.
Хирамнинг кемалари қаторида, Сулаймоннинг ҳам денгизда савдо кемалари бўлиб, бу кемалар ҳар уч йилда қайтиб олтин, кумуш, фил тишлари, турли–туман маймунлар олиб келарди.
Келганларнинг ҳар бири кумуш ва олтин идишлар, кийим, қурол–аслаҳа, хушбўй зираворлар, от ва хачирлар ҳадя қилиб олиб келар эди. Бундай ҳол йиллаб давом этарди.
Сулаймон жанг аравалари ва отлар тўплади. Унинг бир минг тўрт юзта жанг араваси ва ўн икки мингта оти бор эди. Сулаймон буларнинг бир қисмини жанг аравалари сақланадиган шаҳарларга ва бир қисмини Қуддусга — ўзининг ёнига жойлаштирди.
Мисрдан келтирилган ҳар бир жанг араваси учун 600 кумуш танга, ҳар бир от учун 150 кумуш танга тўлашарди. Сўнг буларни барча Хет шоҳларига ва Орам шоҳларига сотишарди.