— Гиладдаги Рамўт учун жанг қилмоққа мен билан борасанми? — деб сўради Ахаб Ёҳушафатдан. — Мени гўё ўзинг деб бил, халқимни ўзингнинг халқинг деб, отларимни ўзингнинг отларинг деб бил, — деди Ёҳушафат унга.
— Яна бир киши бор, — деди Ахаб Ёҳушафатга, — Йимлонинг ўғли Михиё. У орқали Эгамизнинг хоҳиш–иродасини билсак бўлади. Лекин мен уни ёмон кўраман, чунки у мен ҳақимда башорат қилса, хайрли гап айтмайди, хунук гап айтади. — Эй, шоҳ, бундай деб айтма, — деди Ёҳушафат.
Исроил шоҳи Ахаб ва Яҳудо шоҳи Ёҳушафат шоҳлик либосларини кийиб, ҳар қайсиси ўз тахтида Самария дарвозаси ёнидаги хирмонда ўтирар, ҳамма пайғамбарлар эса уларнинг рўпарасида туриб башорат қилаётган эди.
Бошқа пайғамбарлар ҳам шоҳга: — Рамўтга бораверсинлар, албатта ғалаба қиладилар, Эгамиз ўша шаҳарни шоҳимизнинг қўлларига беради, — деб башорат қилдилар.
Мулозим Михиёни чақириш учун кетди. У Михиёнинг олдига келиб, унга деди: — Қара, ҳозир ҳамма пайғамбарлар бир оғиздан шоҳга яхшиликдан башорат қиляптилар. Сенинг башоратинг ҳам уларникидай бўлсин. Сен ҳам яхшиликдан каромат қил.
Михиё шоҳ ҳузурига келди. — Эй, Михиё, мен Рамўтни қайтариб олиш учун жанг қилмоқчиман. Шунинг учун Гиладдаги Рамўтга борайми ёки бормайми? — дея сўради шоҳ ундан. — Бораверсинлар, албатта ғолиб келадилар, — деди Михиё. — Эгамиз ўша шаҳарни шоҳ ҳазратларининг қўлига беради.
— У мен ҳақимда башорат қилганда хайрли гап айтмайди, балки хунук хабар айтади, деб сенга айтмаганмидим?! — деб хафалигини изҳор қилди Ахаб Ёҳушафатга.
— Ундай бўлса, Эгамизнинг сўзларини эшитсинлар, — деди Михиё Ахабга. — Мен Эгамизни Ўзининг тахтида ўтирган ҳолатда кўрдим. Жамики самовий мавжудотлар Унинг ўнг ва чап томонидан жой олган экан.
Эгамиз улардан сўради: “Ахаб Гиладдаги Рамўт шаҳрига бориб, ўша ерда ҳалок бўлсин, дея ким уни ўзига оғдира олади?” Бири ундай деди, бошқаси бундай деди.
Шу пайт Ханано ўғли Зидқиё Михиёнинг олдига келиб, унинг юзига бир шапалоқ урди: — Наҳотки, Эгамизнинг Руҳи мени тарк этиб, сен билан гаплашгани кетган бўлса?! Айт–чи, у қайси йўлдан кетди? — сўради Зидқиё.
Орам шоҳи ўттиз иккита жанг аравалари қўмондонига: “Каттаси билан ҳам, кичиги билан ҳам жанг қилиб ўтирманглар, асосий ҳужумни Исроил шоҳининг ўзига қаратинглар”, деб амр берган эди.
Ёҳушафат Яҳудода шоҳлик қилаётганига ўн етти йил бўлганда, Охазиё Исроилга шоҳ бўлди. Охазиё Ахабнинг ўғли эди. У Самарияда истиқомат қиларди. У икки йил Исроил шоҳи бўлди.
Охазиё Баалга хизмат қилиб, унга топинди. Исроил халқининг Худоси — Эгамиз унинг қилмишларидан қаттиқ ғазабланди. Бинобарин, отаси ҳам Эгамизнинг қаҳрини келтирган эди.