Тир шоҳи Хирам: “Сулаймонни отасининг ўрнига мой суртиб шоҳ қилиб кўтаришибди”, деган хабарни эшитгач, аъёнларини унинг ҳузурига жўнатди. Хирам Довудни доимо ўзига дўст деб биларди.
“Сиз биласизки, отам доимо душманларига қарши жанг қилиш билан банд бўлиб, ўзининг Эгаси Худога атаб бир уй бунёд эта олмади. Ниҳоят, Эгам отам Довуднинг душманларини унинг оёқлари остига ташлади.
Эгам отам Довудга: “Сенинг ўрнингга, сенинг тахтингга ўғлингни ўтқазар эканман, Менга атаб уйни у барпо қилади”, деган эди. Шунинг учун Эгам Худога атаб бир уй қурмоққа қарор қилдим.
Хирам Сулаймон юборган хабарни эшитгач, жуда хурсанд бўлиб, шундай деди: “Ўша буюк халқни бошқариш учун Эгамиз Довудга доно бир ўғил ато қилибди, Эгамизга ҳамду санолар бўлсин.”
Кейин у Сулаймонга шундай хабар жўнатди: “Менга айтиб юборган гапларингни эшитдим. Садр ва сарв дарахти кесишни сўраган экансан, эҳтиёжингни қондираман.
Қаролларим ёғочларни Лубнондан денгизга судраб келадилар. Қаерни тайин этсанг, ёғочлардан сол қилиб, денгиз соҳили бўйлаб ўша ерга келтириб бераман. У ерда солларни ечдираман, сен эса олиб кетаверасан. Менинг эҳтиёжимни қондириб, одамларим учун озиқ–овқат берасан.”
Сулаймон эса, Хирамнинг одамлари истеъмол қилсин, деб 200.000 тоғора буғдой ва 40.000 кўза тоза мой берди. У ҳар йили Хирамга шунча миқдорда буғдой ва мой бериб турди.