Ходалар шунчалик узун эдики, уларнинг учи Энг муқаддас хонанинг шундайгина олдидан кўриниб турарди, бошқа жойдан эса кўринмасди. Ходалар бугунгача ҳам ўша ерда турибди.
Сандиқнинг ичида Мусо Синай тоғида қўйган иккита тош лавҳадан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Исроил халқи Мисрдан чиққандан кейин Синай тоғида Эгамиз улар билан аҳд тузган эди.
Эгамиз отамга шундай деган эди: “Халқим Исроилни Мисрдан олиб чиққан кунимдан бери Мен улуғланадиган уй барпо қилиш учун Исроил қабилаларининг бирорта шаҳарни танламадим, балки халқим Исроил устида ҳукмрон бўлсин, деб Довудни танладим.”
Ўша уйда Аҳд сандиғи учун ҳам жой тайёрладим. Эгамиз ота–боболаримизни Миср юртидан олиб чиққандан кейин, улар билан қилган аҳд лавҳаси шу сандиқнинг ичида турибди.
— Эй, Исроил халқининг Худоси — Эгамиз! На юқорида — кўкда, на қуйида — ерда Сенга ўхшаши йўқ. Сенга бутун қалби билан боғланиб, Сен кўрсатган йўлдан юрадиган қулларингга Сен аҳдингни содиқ сақлайсан.
Сен: “Мен ўша ерда улуғланай”, деб айтган эдинг. Кўзларинг кечаю кундуз ўша жойга — ўша уйга қадалиб турсин. Мен, қулинг ўша томонга қараб ибодат қиламан, ибодатларимни тингла.
Улар Сенга қарши гуноҳ этганлари учун осмон беркилиб, ёмғир ёғмаганда, улар ўша уйга қараб, Сени яна тан олиб илтижо қилсалар, Сен уларни гуноҳлари учун жазолаганингда, тавба қилсалар,
қулларинг Исроил халқига самодан туриб қулоқ сол, уларнинг гуноҳидан ўт. Уларга тўғри йўл кўрсат, токи ўша йўлдан кетсинлар, кейин халқингга мулк қилиб берган ерга ёмғир ёғдир.
Сен осмондан — масканингдан туриб қулоқ сол ва уларнинг гуноҳидан ўт. Ҳар бирининг тутган йўлига қара, хизматига яраша бер, токи Сен Ўзинг ота–боболаримизга берган юртда умрларининг охиригача Сендан қўрқиб яшасинлар. Зотан, жамики инсон боласининг кўнглидагини ёлғиз Сен биласан, холос.
Сен маконингдан туриб қулоқ сол. Ўша одамнинг сўраганини бажо айла, токи ер юзидаги ҳамма халқлар Сени билишсин, халқинг Исроил каби Сендан ҳайиқадиган бўлсин. Мен барпо қилган шу уй Сенга атаб қилинганини билсин.
Сенинг олдингда улар гуноҳ қилганларида, чунки гуноҳ қилмайдиган одамнинг ўзи йўқ, Сен ғазабланиб, уларни яқин ёки узоқ юртларга асир қилиб олиб кетадиган душманларнинг қўлига берсанг,
Халқинг Сенга қарши қанча гуноҳ қилган бўлмасин, Сенга қарши қанчалик исён қилган бўлмасин, уларни кечир. Халқингни асир этган ёв кўнглида шафқат қўзғатгин, токи улар халқингга меҳрибонлик қилсин.
— Эгамизга ҳамду санолар бўлсин! У ваъдасига кўра, Ўзининг халқи Исроилга тинчлик–омонлик берди. У қули Мусо орқали яхши ваъдалар берган эди, ўша ваъдаларнинг биронтаси ҳам бажарилмай қолмади.
Шу куни шоҳ Эгамизнинг уйи олдидаги ҳовли ўртасини ҳам муқаддас қилди. Сўнг ўша ерда куйдириладиган қурбонликлар, дон назрлари ва тинчлик қурбонликларининг ёғини назр қилди, чунки буларнинг ҳаммаси Эгамизнинг ҳузуридаги бронза қурбонгоҳ устига сиғмаган эди.
Кейин Сулаймон ва у билан бирга катта жамоа — Лево–Хоматдан тортиб Миср сойлигига қадар ерларда яшайдиган бутун Исроил халқи Эгамиз Худо олдида Чайла байрамини нишонлашди. Байрам ўн тўрт кун давом этди. Улар етти кун қурбонгоҳнинг Худога бағишланишини нишонлашди, етти кун Чайла байрамини қилишди.