Довуд: “Нахош менга содиқ эди, мен ҳам унинг ўғли Ханунга содиқ бўлайин”, деб кўнглидан ўтказди. Шундай қилиб, Довуд Ханунга отаси вафоти муносабати билан тасалли бериш учун ўз элчиларини жўнатди. Довуднинг элчилари Ханунга тасалли бергани Оммон юртига боришгач,
Оммон беклари Ханунга шундай деб ўргатишди: “Довуд бу одамларини отангиз ҳурмати учун жўнатган, деб ўйлайсизми? Йўқ, бу элчилар сизнинг ҳузурингизга ёмон ният билан келишган, улар юртни кузатиб, текшириб, кейин қўлга киритишмоқчи.”
Элчилар қайтиб кетишди. Довуд бу воқеани эшитди–ю, элчиларини кутиб олиш учун одамлар жўнатди. Элчилар жуда шармандали аҳволда қолган эдилар. Шоҳ ўша элчиларига: “Соқолингиз ўсгунча Ерихода қолинглар, кейин менинг олдимга қайтиб келинглар”, деб айттириб юборди.
Оммон халқи: “Энди Довуднинг ғазабига дучор бўлдик”, деб ўйладилар. Шунинг учун Ханун ва Оммон халқи Орам–Нахрайимдан, Орам–Маходан ва Зўво шоҳликларидан жанг аравалари ва отлиқлар ёллаш учун 2.000 пуд кумуш юбордилар.
Аммо улар бу сафар ҳам Исроил лашкарининг олдига тушиб қочиб қолишди. Довуд Орам лашкарининг 7.000 жанг араваси аравакашини ва 40.000 сипоҳини ўлдирди. Ҳададзарнинг лашкарбошиси Шўфах ҳам Довуднинг қўлидан ҳалок бўлди.
Шундай қилиб, Ҳададзарнинг қўли остидаги шоҳлар Исроил дастидан мағлубиятга учраганларини кўриб, Довуд билан сулҳ тузишга мажбур бўлишди. Улар Довудга қарам бўлиб қолишди. Шундан кейин Орам халқи Оммон халқига ёрдам беришдан бош тортадиган бўлди.