Довуд Исроил юртидаги барча мусофирларни бир жойга тўплаттирди. Улардан баъзиларини Эгамизнинг уйини қуриш учун тош кесиб йўнадиган сангтарошлар қилиб тайинлади.
Довуд ёғоч дарвозалар учун ошиқ–мошиқ ва михлар ясагани кўп миқдорда темир сақлаб қўйди. Бронза ҳам шунчалик кўп эдики, ҳеч ким унинг ҳисобига ета олмасди.
Довуд ичида шундай деб айтар эди: “Ўғлим Сулаймон ёш, тажрибасиз. Эгамиз учун қуриладиган уй эса шу қадар салобатли бўлиши керакки, унинг донғи бутун дунёга ёйилиб, барча халқлар орасида шуҳрат топиши керак. Шундай экан, қурилиш учун ҳамма тайёргарликни ўзим кўриб қўяверай.” Шунинг учун Довуд ўлимидан олдин кўп миқдордаги ашёларни тайёрлаб қўйган эди.
Лекин Эгам менга шундай сўзини юборган эди: “Сен кўп жанг қилиб, кўп қон тўкдинг. Ер юзида, Менинг олдимда шу қадар кўп қон тўкканинг учун Менга атаб уйни сен қурмайсан.
Аммо сендан бир ўғил туғилади. Ўғлинг тинчликсевар одам бўлади. Мен уни атрофдаги ҳамма ғанимлардан халос қилиб, тинчлик бераман. Унинг исми Сулаймон бўлади. Унинг ҳукмронлиги даврида Исроилга тинчлик, осойишталик ато қиламан.
Мен Эгамизнинг уйи учун кўп машаққатлар билан 214.000 пуд олтин, 2.140.000 пуд кумуш, беҳисоб миқдорда бронза ва темир тайёрладим. Яна ёғоч ва тош ҳам тайёрлаб қўйдим. Сен буларга яна қўшишинг лозим.
“Эгангиз Худо сизлар билан бирга бўлиб, сизларга ҳар томондан тинчлик ато этди. Биздан олдин бу юртда яшаган халқни У менинг қўлимга берди. Улар энди Эгамизга ва Унинг халқига қарам бўлиб қолди.
Энди бутун қалбингиз ва юрагингиз билан Эгамиз Худога интилинг. Боринглар, Парвардигор Эгамизга атаб уй қуришни бошланглар, токи аҳд сандиғи ва муқаддас ашёлар ўша ерда сақланадиган бўлсин.”