Эгамизнинг Еремиё орқали айтганларини бажо қилиш учун Форс шоҳи Курушнинг руҳини қўзғатди. Бу воқеа Куруш ҳукмронлигининг биринчи йилида содир бўлди. Шоҳ Куруш шоҳлигининг ҳамма томонига хабарчилар жўнатиб, ёзма фармонда қуйидагиларни эълон қилди:
“Форс шоҳи Куруш шундай демоқда: — Самовий Худо — Эгамиз ер юзидаги жамики шоҳликларни менга берган. У Яҳудо юртидаги Қуддус шаҳрида Ўзига бир уй қуришни менга топширди.
Сургундаги яҳудийлар яшайдиган ҳамма жойда шундай деб эълон қилинсин: Қуддусга қайтмайдиган яҳудийлар қайтадиган яҳудийларга ёрдам берсин. Уларга кумуш, олтин, сафар учун зарур буюмлар ва чорва беришсин. Шунингдек, Худонинг Қуддусдаги уйи қайта қурилиши учун кўнгилдан чиқариб назрлар беришсин.”
Шундай қилиб, Яҳудо ва Бенямин қабилаларининг уруғбошилари, руҳонийлар ва левилар, шунингдек, Худо руҳлантирган ҳар бир одам Эгамизнинг Қуддусдаги уйини қайта қуриш учун сафарга тайёрланди.
Барча қўшнилари уларга чин кўнгилдан чиқариб назрлар бердилар. Булардан ташқари, кумуш идишлар, олтин, сафар учун буюмлар, чорва ва бошқа қимматбаҳо ҳадялар бериб ёрдам қилдилар.
Шоҳ Куруш Эгамизнинг уйига тегишли бўлган буюмларни олиб келишни буюрди. Бу буюмларни шоҳ Навухадназар Қуддусдан олиб келиб, ўзининг худолари уйига қўйган эди.
Олтин ва кумуш буюмларнинг жами 5400 та эди. Шашбаззар бошқа асирлар қаторида Бобилдан Қуддусга қайтиб кетаётганда, бу буюмларнинг ҳаммасини ўзи билан олиб кетди.