Олий руҳонийлар Элиашаб, Йўхадах, Йўханон ва Ёддува даврларида левилар рўйхатда ўз уруғбошилари номи билан қайд этилганлар. Форс шоҳи Доро ҳукмронлиги даврида эса рўйхатга олишнинг бундай усули руҳонийларга нисбатан қўлланилган эди.
Қуйидагилар левиларнинг уруғбошилари эдилар: Хашавиё, Шаравиё, Ешува, Биннуй, Кадмил ва уларнинг ҳамкорлари Маттаниё, Бобуҳё ва Ободиё. Худонинг одами Довуд берган фармонга кўра, улар Худога ҳамду сано ва шукрона айтаётганларида, икки гуруҳга бўлиниб, бир–бирларига рўпарама–рўпара туриб, куйлар эдилар. Машуллом, Талмўн ва Оққув Маъбад дарвозабонлари эдилар. Улар Эгамизнинг уйи дарвозалари ёнидаги омборхоналарни қўриқлар эдилар.
Бу одамлар олий руҳоний Йўйиқим, ҳоким Нахимиё, руҳоний ҳамда тафсирчи Эзранинг замондошлари эдилар. Олий руҳоний Йўйиқим — Ёшуанинг ўғли, Ёҳузадахнинг набираси эди.
Қуддуснинг янги девори Худога бағишланаётганда Яҳудо юртидаги ҳамма левилар чақирилди. Улар хурсандчилик пайтида шукрона қўшиқлар куйлаб, занг, арфа, чанг чалиб, маросимда иштирок этишлари керак эдилар.
Улар Булоқ дарвозасидан Довуд қалъасига олиб борадиган зинапоя орқали тўғрига юрдилар. Довуднинг саройидан ўтиб, шарқ томондаги Сув дарвозасига кетдилар.
Ўша куни халқ кўп қурбонликлар келтириб, хурсандчилик қилишди, чунки Худо уларга кўп шод–хуррамлик ато қилган эди. Аёллар ва болалар ҳам хурсанд эдилар. Қуддусдаги шодлик садолари узоқлардан эшитилиб турарди.
Ўша куни Маъбаддаги омборхоналар устидан одамлар тайинланди. Омборхоналарда ҳадялар, биринчи ҳосилдан келтирилган назрлар ва ушрлар сақланар эди. Тайинланган одамлар Тавротга кўра, шаҳарлар атрофидаги далалардан руҳонийлар ва левилар учун улушларни йиғиб, омборхоналарга олиб келишлари керак эди. Чунки Яҳудо халқи руҳонийлар ва левиларнинг хизматини қадрлар эди.
Руҳонийлар, левилар поклаш маросимларини ва Худо тайин этган бошқа маросимларни бажарар эдилар. Қўшиқчилар ва дарвозабонлар ҳам, улар қаторида, шоҳ Довуд ва унинг ўғли Сулаймондан қолган фармонга мувофиқ, Маъбадда хизмат қилар эдилар.
Зарубабел даврида ҳам, Нахимиё даврида ҳам бутун Исроил халқи қўшиқчилар ва Маъбад дарвозабонлари учун кундалик улушларни берарди. Улар левилар учун ҳам улуш ажратишарди, левилар эса руҳонийларнинг улушини ажратиб беришар эди.