|
| 1 |
|
| Энди эса ўзимдан ёш бўлганлар устимдан кулади, Уларнинг оталари қўриқчи итларим орасида бўлишга ҳам арзимайди. |
|
| 2 |
|
| Улардан менга нима фойда?! Ахир, улар куч–қувватдан қолган–ку! |
|
| 3 |
|
| Улар очлигу муҳтожликдан озиб–тўзиб кетган, Тун бўйи дашту биёбонда дайдиб юради. |
|
| 4 |
|
| Чўл буталари орасида аччиқ ўтлар теради, Юлғун бутасининг илдизлари уларга емиш бўлади. |
|
| 5 |
|
| Улар одамлар орасидан ҳайдалган. Ўғриларга бақиргандай уларнинг орқасидан бақирадилар. |
|
| 6 |
|
| Улар қуруқ сойликлару чуқурларда, Қоялар орасида яшашга мажбурдирлар. |
|
| 7 |
|
| Чангалзорларда ҳайвонлар сингари бўкиради, Қичитқи ўтлар орасида ғужанак бўлиб ўтиради. |
|
| 8 |
|
| Энг паст, ярамас бу тўдани Хивчинлар билан юртдан ҳайдашган. |
|
| 9 |
|
| Мана энди, ўшалар мазах қилиб, Мен ҳақимда қўшиқлар куйлайди, Мен уларга кулги бўлиб қолдим. |
|
| 10 |
|
| Улар мендан нафратланиб, яқинимга ҳам келмайди, Ҳатто юзимга тупуришдан ҳам тоймайди. |
|
| 11 |
|
| Худо кучимни кесди, мени пастга урди. Шунинг учун ўша ярамаслар ҳам Менинг олдимда ўзларини жиловлай олмайдиган бўлдилар. |
|
| 12 |
|
| Ўша қаланғи–қасанғилар Менга қарши чиқиб, ерга йиқитадилар, Мени ўлдирмоқчи бўлиб, ҳужум қиладилар. |
|
| 13 |
|
| Йўлларимни тўсиб, Бошимга тушадиган кулфатни тезлатадилар, Уларни тўхтатадиган ҳеч ким йўқ. |
|
| 14 |
|
| Мени мазах қилувчилар ҳар томонлама ҳужум қиладилар, Тўфондай устимга ёпириладилар. |
|
| 15 |
|
| Мени қўрқув босган, Обрўйим шамол учиргандек кетди, Фаровонлигим булут каби ўтиб кетди. |
|
| 16 |
|
| Энди юрагим эзилиб кетяпти, Ҳар куни мен азоб–уқубат тортаман. |
|
| 17 |
|
| Тун бўйи суякларим зирқираб оғрийди, Мени дард қийнаб, ҳеч тинчлик бермайди. |
|
| 18 |
|
| Худо шиддат билан кийимимдан ушлади, Кўйлагимнинг ёқасидан тутди. |
|
| 19 |
|
| У мени лойга булғади, Чангу тупроқчалик қадрим йўқ. |
|
| 20 |
|
| Эй Худойим, Сенга илтижо қиламан, Аммо Сен менга жавоб бермайсан. Сенинг олдингда турибман, Сен эса қараб тураверасан. |
|
| 21 |
|
| Менга нисбатан шафқатсиз бўлиб қолдинг, Ўз қудратинг билан мени қувғин қиляпсан. |
|
| 22 |
|
| Қуюн билан мени кўтариб, Бўрон орасида у ёқдан–бу ёққа отасан. |
|
| 23 |
|
| Биламан, инсоннинг қисмати бўлган Ўлимга мени ҳам олиб борасан. |
|
| 24 |
|
| Бошига кулфат тушган муҳтож одам нола қилса, Ҳеч ким унга қўл кўтармайди–ку, ахир. |
|
| 25 |
|
| Мен бошига кулфат тушганлар учун қайғурдим–ку! Муҳтожларни кўриб, юрагим ачиди–ку! |
|
| 26 |
|
| Аммо яхшилик кутганимда ёвузлик келди, Ёруғликка умид қилсам, зулмат тушди. |
|
| 27 |
|
| Қалбим безовталанган, тиним билмайди, Оғир кунлар бошимга тушган. |
|
| 28 |
|
| Қуёш нури бўлмаган бир зулматда юрибман, Жамоа олдида мадад сўраб, фарёд қиламан. |
|
| 29 |
|
| Мен чиябўрининг дўстидай, Туяқушларнинг укасидай бўлиб қолдим. |
|
| 30 |
|
| Терим қорайиб кетган, Танам иситмадан ёняпти. |
|
| 31 |
|
| Найим садоси азадорларга жўр бўлади, Лирам қайғули нола қилади. |
|
|
|
|