×

Муқаддас Китоб 2016 (UZB)

Забур 146

1
Эгамизга ҳамду санолар бўлсин! Нақадар яхшидир Худойимизни тараннум этмоқ! Нақадар лаззатли, муносиб Унга ҳамду сано айтмоқ!
2
Эгамиз Қуддусни қайтадан қуради, Сургундагиларни Исроилга йиғади.
3
Эзилган кўнгилларга У шифо беради, Уларнинг яраларига малҳам қўяди.
4
Юлдузларнинг сонини У аниқлаб чиқади, Уларнинг ҳаммасига ном беради.
5
Раббимиз буюкдир, қуввати кўпдир, Унинг донолиги чексиздир.
6
Эгамиз мазлумларни юксалтиради, Фосиқларни эса ерга уриб эзади.
7
Эгамизга шукрона айтиб тараннум қилинг, Худойимизга атаб лирада куй чалинг.
8
У самоларни булутлар ила қоплайди, У ерни ёмғир билан таъминлайди, Қир–адирларда ўт–ўлан ўстиради.
9
У ҳайвонларнинг ризқ–рўзини беради, Қарға болалари қағиллаганда уларга озиқ беради.
10
У отларнинг кучидан завқ олмайди, Сипоҳнинг кучли оёқларидан хушланмайди.
11
Эгамиз Ўзидан қўрққанлардан хушланади, Унинг содиқ севгисига умид қилганлардан мамнун бўлади.
Uzbek Bible 2016 (UZB)
Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020
:
Eslatmalarni saqlash