|
| 1 |
|
| Ижрочилар раҳбарига. Кўрах наслининг қасидаси. |
|
| 2 |
|
| Эй Худо, ўз қулоқларимиз ила эшитганмиз. Қадим замонда, ҳа, ота–боболаримиз даврида Қилган ишларингни улар бизга айтган эди. |
|
| 3 |
|
| Ўз қўлинг ила қувдинг бегона халқларни, Уларнинг юртига ўтқаздинг оталаримизни, Кулфатга солдинг бегона халқларни, Озод қилдинг Сен оталаримизни. |
|
| 4 |
|
| Улар юртни қилич ила олмадилар, Ўз қўллари ила ғалабага эришмадилар. Улар Сенинг ўнг қўлинг, қудратинг, Сенинг юз нуринг ила ғолиб бўлдилар. Зеро, Сен улардан мамнун бўлгандинг. |
|
| 5 |
|
| Сен Шоҳимсан, Худойимсан, Амр бер, Ёқуб насли ғолиб бўлсин. |
|
| 6 |
|
| Сен туфайли душманимизни сурармиз, Номинг ила ғанимларимизни эзғилармиз. |
|
| 7 |
|
| Ишониб қолмасман мен ўз ёйимга, Қиличим ғалаба келтирмас менга. |
|
| 8 |
|
| Ғанимларимиз устидан бизни ғолиб қилдинг, Биздан нафратланганларни шарманда қилдинг. |
|
| 9 |
|
| Эй Худо, кун бўйи Сен туфайли мақтандик, То абад Сенга шукроналар айтамиз. |
|
| 10 |
|
| Энди эса бизни рад қилиб, шарманда қилдинг, Лашкарларимизни бошлаб бормаяпсан. |
|
| 11 |
|
| Бизни душманларимиз олдига чекинтирдинг, Ғанимларимиз бизни талон–тарож қилди. |
|
| 12 |
|
| Бизни қўйлар каби емишга бердинг, Халқлар орасига бизни ёйиб юбординг. |
|
| 13 |
|
| Халқингни қора чақага сотиб юбординг, Уларни сотишдан ҳеч наф кўрмадинг. |
|
| 14 |
|
| Қўшни халқлари бизни масхара қилади, Сен йўл қўйиб бердинг. Атрофимиздагилар бизни таҳқирлайди, Кулишларига имкон бердинг. |
|
| 15 |
|
| Халқлар орасида кулги қилдинг бизни, Халқлар бизни масхаралаб, чайқайди бошини. |
|
| 16 |
|
| Ҳар доим хижолат бўлиб юраман, Шармандалик юзимни қоплаган. |
|
| 17 |
|
| Эшитганимиз масхараю ҳақорат! Кўрганимиз қасоскор душман! |
|
| 18 |
|
| Гарчи Сени унутмаган бўлсак–да, Гарчи аҳдингга хиёнат қилмасак–да, Бу кўргиликлар бошимизга тушди. |
|
| 19 |
|
| Биз Сени ҳеч қачон тарк этмадик, Сенинг йўлларингдан ҳеч қачон тоймадик. |
|
| 20 |
|
| Аммо чиябўрилар маконига бизни ташладинг, Зим–зиё зулматга бизни улоқтирдинг. |
|
| 21 |
|
| Эй Худойимиз, ахир, Сенинг номингни унутсак, Қўлларимизни бегона худоларга очсак, |
|
| 22 |
|
| Эй Худо, Сен буни билмасмидинг?! Ахир, Сен юракдаги сирларни биласан–ку! |
|
| 23 |
|
| Сен туфайли ҳар кун ўлимга дуч келамиз, Бўғизланадиган қўйдай бўлиб қолганмиз. |
|
| 24 |
|
| Турсанг–чи, нега ухлаётгандайсан, эй Раббий?! Қани, бўл, бизни то абад рад этмагин. |
|
| 25 |
|
| Нега биздан юзингни яширасан?! Бошимизга тушган кулфату зулмни унутасан?! |
|
| 26 |
|
| Биз ағнатилганмиз тупроққа, Танамиз ёпишиб қолгандир ерга. |
|
| 27 |
|
| Қани, кел, бизга мадад бер, Содиқ севгинг ҳақи бизни қутқар. |
|
|
|
|