|
| 1 |
|
| Осифнинг қасидаси. Қулоқ солинг, эй халқим, ўгитларимга, Қулоқ тутинг оғзимдан чиққан сўзларга. |
|
| 2 |
|
| Оғзимни очаман масалга, Ўтмишнинг сирли сабоқларин ўргатаман сизга. |
|
| 3 |
|
| Буларни айтган эди ота–боболаримиз, Улардан эшитганмиз, биламиз. |
|
| 4 |
|
| Эгамизнинг ҳамдга лойиқ ишларини, Унинг қудратини, У қилган ажойиботларни Биз яширмаймиз уларнинг болаларидан, Ҳикоя қилармиз келгуси авлодларга ҳам. |
|
| 5 |
|
| Ёқуб наслига У фармон берди, Исроилга қонун тайинлади Ота–боболаримизга амр бериб: “Болаларингизга ўргатинг”, деди. |
|
| 6 |
|
| Токи келажак насллар буларни билсин, Билсин ҳатто туғилмаган болалар, Ўз навбатида болаларига айтсин улар. |
|
| 7 |
|
| Болалари ҳам умидини боғласин Худога, Худонинг ишларини унутиб қўймай, Риоя этсин Унинг амрларига. |
|
| 8 |
|
| Токи улар ота–боболарига ўхшаб, Ўжар, исёнкор насл бўлмасин. Юрагида Худога садоқат бўлмаган, Руҳан беқарор насл бўлмасин. |
|
| 9 |
|
| Ўқ–ёй билан қуролланган Эфрайим жангчилари Жанг кунида ортига қайтди. |
|
| 10 |
|
| Улар Худонинг аҳдига риоя қилмади, Унинг қонунлари бўйича юришни рад қилди. |
|
| 11 |
|
| Улар унутдилар Худонинг қилган ишларини, Худонинг уларга кўрсатган мўъжизаларини. |
|
| 12 |
|
| Миср диёридаги Зўван текислигида, Уларнинг ота–боболари кўз ўнгида Худо мўъжизалар кўрсатганди. |
|
| 13 |
|
| Денгизни ёриб, ўртасидан уларни ўтказди, Сувларни девор каби тик қилиб қўйди. |
|
| 14 |
|
| Кундузи уларни булут орқали етаклади, Тун бўйи аланга ёруғи орқали етаклади. |
|
| 15 |
|
| У саҳродаги қояларни парчалади, Денгиздай мўл–кўл сувни уларга берди. |
|
| 16 |
|
| Қоядан ирмоқларни чиқарди, Сувларни дарёлардай оқизди. |
|
| 17 |
|
| Улар саҳрода Худойи Таолога қарши исён қилиб, Унга қарши гуноҳ қилавердилар. |
|
| 18 |
|
| Улар атайлаб Худони синадилар, Кўнгли тусаган овқатни талаб қилдилар. |
|
| 19 |
|
| Улар Худога қарши сўзлаб, дедилар: “Саҳрода Худо бизга дастурхон ёза олармиди?! |
|
| 20 |
|
| Мана, У қояга урганда, Сув дарё–дарё бўлиб оқди, Ирмоқлар тўлиб–тошди. Энди У Ўз халқига нон бера олармикан? Халқини гўшт билан таъминлай олармикан?” |
|
| 21 |
|
| Эгамиз уларнинг гапини эшитиб, Қаттиқ ғазабга минди. Ёқуб наслига қарши ғазаб алангасини пуркади, Ҳа, Исроил наслига қарши қаҳрини сочди. |
|
| 22 |
|
| Улар Худога ишонмадилар, Унинг нажотига таянмадилар. |
|
| 23 |
|
| Худо самолардан туриб амр берди, Осмоннинг қопқаларини очиб юборди. |
|
| 24 |
|
| Улар есин, деб манна ёғдирди, Осмоннинг донини уларга берди. |
|
| 25 |
|
| Одамзод фаришталар нонидан еди, Худо уларга мўл–кўл таом юборди. |
|
| 26 |
|
| У самолардан шарқ шамолини эстирди, Қудрати билан жануб шамолига йўл кўрсатди. |
|
| 27 |
|
| У чангдай мўл қилиб, халқига гўшт ёғдирди, Ҳа, денгиздаги қумдай мўл қилиб қушлар ёғдирди. |
|
| 28 |
|
| Буларни уларнинг қароргоҳига ёғдирди, Уларнинг чодирлари атрофига туширди. |
|
| 29 |
|
| Улар тўйгунларича едилар, Худо уларга кўнгиллари тусаганини берди. |
|
| 30 |
|
| Бироқ ҳали кўнгли тусаганига тўймаган, Луқмалари ҳали уларнинг оғизларида экан, |
|
| 31 |
|
| Худо ғазабини уларга сочди, Уларнинг кучлиларини ўлдирди, Исроилнинг гулдай йигитларини ер тишлатди. |
|
| 32 |
|
| Шуларга қарамай, улар гуноҳ қилавердилар, Худонинг мўъжизаларига ишонмадилар. |
|
| 33 |
|
| Худо уларнинг кунларини бир нафасдай битирди, Уларни ваҳимага солиб, умрларини барбод қилди. |
|
| 34 |
|
| Баъзиларини Худо ўлдирди, Шундагина қолганлари Унга интилди, Тавба қилиб, яна Худога қайтди. |
|
| 35 |
|
| Улар шундай деб эсладилар: “Ҳа, Худо суянган қоямиз, Бизнинг қутқарувчимиз Худойи Таоло.” |
|
| 36 |
|
| Аммо Худога хушомад қилардилар, Унга тиллари билан ёлғон сўзлашарди. |
|
| 37 |
|
| Юракларида эса Худога содиқ эмас эдилар, Унинг аҳдига бевафолик қилдилар. |
|
| 38 |
|
| Худо–чи, шафқат қилди, Кечирди уларнинг гуноҳларини, Қириб ташламади уларни, Кўпинча У ғазабини босди, Бутун ғазабини сочмади. |
|
| 39 |
|
| Худо эслади: “Улар шунчаки бандалардир, Эсиб, бошқа қайтиб келмас шамолдир.” |
|
| 40 |
|
| Саҳрода Худога қанчалар кўп исён қилдилар! Дашту биёбонда Уни хафа қилдилар. |
|
| 41 |
|
| Худони улар такрор–такрор синадилар, Исроил халқининг Муқаддас Худосини ранжитдилар. |
|
| 42 |
|
| Улар Худонинг қудратини, Уларни душмандан қутқарган кунни эсдан чиқардилар. |
|
| 43 |
|
| Худо Мисрда кўрсатган мўъжизаларни, Ҳа, Зўван текислигида кўрсатган ажойиботларни унутдилар. |
|
| 44 |
|
| Мисрдаги дарёларни Худо қонга айлантирди, Мисрликлар ирмоқлардан сув ичолмай қолди. |
|
| 45 |
|
| Уларни еб битирсин, дея пашшалар галасини юборди, Юртни вайрон қилсин, дея қурбақалар юборди. |
|
| 46 |
|
| Уларнинг ҳосилини Худо чигирткаларга ем қилди, Уларнинг меҳнати маҳсулини чигирткаларга берди. |
|
| 47 |
|
| Узумзорларини дўл билан яксон қилди, Шикамора–анжир дарахтларини жалада нобуд этди. |
|
| 48 |
|
| Уларнинг чорвасини дўлга дучор қилди, Уларнинг подасини яшин алангасига берди. |
|
| 49 |
|
| Бузғунчи фаришталари тўдасини юборгандай Худо уларга алангали ғазабини, қаҳрини, Нафратини ҳамда мусибатни сочди. |
|
| 50 |
|
| У Мисрдан ғазабини қайтармади, Уларнинг жонларига шафқат қилмади, Уларни вабога дучор қилди. |
|
| 51 |
|
| Мисрнинг ҳамма тўнғичларини урди, Ҳа, Хом авлодларининг уйларидаги Қудратининг илк ҳосилини йўқ қилди. |
|
| 52 |
|
| Ўз халқини эса Худо қўйдай етаклаб чиқди, Уларни саҳро бўйлаб сурувдай бошлаб борди. |
|
| 53 |
|
| Эгамиз эсон–омон бошлаб борди, Улар қўрқмадилар, Уларнинг ғанимларини эса денгиз ютди. |
|
| 54 |
|
| Эгамиз халқини Ўз муқаддас юртига, Ўз кучи билан қўлга киритган тоққа олиб келди. |
|
| 55 |
|
| Ўз халқининг олдидан бошқа халқларни қувди, Уларнинг юртини мулк қилиб бўлиб берди, Исроил қабилаларини уларнинг чодирларида ўрнаштирди. |
|
| 56 |
|
| Улар ҳамон Худойи Таолони синардилар, Унга қарши исён қилиб, фармонларига бўйсунмадилар. |
|
| 57 |
|
| Оталари каби бевафолик қилиб, хоинлик қилдилар, Яроқсиз камонга ўхшаб ишончсиз чиқдилар. |
|
| 58 |
|
| Саждагоҳлари билан улар Худони ғазаблантирдилар, Бутлари билан Унинг рашкини қўзғатдилар. |
|
| 59 |
|
| Буларни эшитганда Худо, ғазабга минди, Шундан сўнг Исроилни тамом рад этди. |
|
| 60 |
|
| У Шилўдаги Ўз масканини, Инсонлар орасида тиккан чодирини тарк этди. |
|
| 61 |
|
| Душманга асирликка берди аҳд сандиғини, Ўзининг қудратию шуҳрати рамзини. |
|
| 62 |
|
| Ўз халқини У қиличга рўпара қилди, Ғазабини танлаган халқига сочди. |
|
| 63 |
|
| Йигитларини аланга ямламай ютди, Қизлари никоҳ қўшиқларини айтолмай қолди. |
|
| 64 |
|
| Руҳонийлари қилич тиғидан йиқилди, Руҳонийлар бевалари аза тутолмай қолди. |
|
| 65 |
|
| Шунда Раббий қўзғалди уйқудан уйғонгандай, Шаробдан ҳайқираётган баҳодирдай. |
|
| 66 |
|
| Душманларини У тирқиратиб қувди, Уларни абадий шармандаликка дучор қилди. |
|
| 67 |
|
| Худо Юсуф чодирини рад этди, Эфрайим қабиласини танламади. |
|
| 68 |
|
| Унинг ўрнига Яҳудо қабиласини, Ўзи севган Сион тоғини танлади. |
|
| 69 |
|
| Абадий ўрнатган ер курраси каби, Самолар каби Ўз муқаддас масканини қурди. |
|
| 70 |
|
| Худо Ўз қули Довудни танлаб олди, Қўй қўрасидан уни чақириб олди. |
|
| 71 |
|
| У Довудни совлиқ қўй, қўзиларга чўпонликдан олди. Ўзининг халқи Исроилга, Ёқуб наслига чўпон қилиб тайинлади. |
|
| 72 |
|
| Довуд уларга ҳалоллик билан чўпонлик қилди, Моҳирлик билан уларни етаклаб борди. |
|
|
|
|