|
| 1 |
|
| Кўрах наслининг саноси. Қўшиқ. Ижрочилар раҳбарига. “Қайғу–алам” куйига айтилган. Зерах уруғидан бўлган Хаман қасидаси. |
|
| 2 |
|
| Эй Эгам, нажоткорим Худо, Кеча–кундуз фарёд қиламан олдингда. |
|
| 3 |
|
| Ибодатим Сенга етиб борсин, Қулоғингни додимга тутгин. |
|
| 4 |
|
| Ҳаётим кулфатга тўла, Ўзим ўликлар диёрига яқинлашганман. |
|
| 5 |
|
| Мени қабрга тушганлар орасида ҳисоблайдилар, Бемажолларга ўхшаб қолганман. |
|
| 6 |
|
| Мурдалар орасига ташланганман, Қабрда ётган марҳумларга ўхшайман, Сен мени ўшалардай унутгансан, Улар Сенинг ҳимоянгдан маҳрумдирлар. |
|
| 7 |
|
| Сен ташладинг мени қабрнинг энг тубига, Энг зулмат, чуқур жойларга. |
|
| 8 |
|
| Ғазабинг устимдан зилдай босади, Қаҳринг тўлқинлари ила мени эзасан. |
|
| 9 |
|
| Яқин дўстларимдан мени айирдинг, Уларга мени жирканч қилдинг, Қамалиб қолганман, халос бўла олмайман. |
|
| 10 |
|
| Кўзларим нури ғамдан адойи тамом бўлди. Эй Эгам, ҳар кун Сенга илтижо қиламан, Қўлларимни Сен томон чўзаман. |
|
| 11 |
|
| Мўъжизаларингни марҳумларга кўрсатасанми?! Мурдалар туриб, Сенга ҳамду сано айтармикан?! |
|
| 12 |
|
| Сенинг содиқ севгинг қабрда эълон қилинарми?! Ҳалокат диёрида Сенинг садоқатинг ҳақида айтиларми?! |
|
| 13 |
|
| Зулмат диёрида мўъжизаларинг маълум бўларми?! Унутилганлар маконида одиллигинг ҳақида сўйланарми?! |
|
| 14 |
|
| Эй Эгам, мен Сенга фарёд қиламан, Ибодатим саҳарданоқ Сенга етиб боради. |
|
| 15 |
|
| Эй Эгам, нечун мени рад қиласан? Нечун мендан юзингни ўгирасан? |
|
| 16 |
|
| Ёшлигимдан буён хастаман, ўлим билан юзма–юзман, Ваҳималаринг қаршисида умидсиз қолганман. |
|
| 17 |
|
| Қаҳрли ғазабинг мени эзиб ташлади, Ваҳималаринг мени адойи тамом қилди. |
|
| 18 |
|
| Қаҳр–ғазабинг кун бўйи мени тўфондай ўраб олади, Мени ҳар тарафдан қуршаб олади. |
|
| 19 |
|
| Яқин дўстимдан, қўшнимдан мени айирдинг, Фақат зулмат менинг шеригим бўлиб қолди. |
|
|
|
|