Муқаддас Китоб 2016 (UZB)
|
| 1 |
| Эгамиз Мусога яна айтди: — Фиръавннинг ҳузурига бориб, Менинг шу гапимни етказ: “Эгамиз шундай айтмоқда: — Менинг халқимга ижозат бер, улар бориб, Менга сажда қилсин. |
| 2 |
| Агар сен халқимга ижозат беришдан бўйин товласанг, бутун юртингга қурбақа юбориб шикаст етказаман. |
| 3 |
| Дарё қурбақалар билан тўлиб–тошади. Қурбақалар дарёдан чиқиб, сенинг саройингга, ётоқхонангга, тўшагингга, аъёнларингу халқингнинг уйларига, тандирларига ва хамир тоғораларига ҳам кириб олади. |
| 4 |
| Қурбақалар сенинг, Миср халқининг ва барча аъёнларингнинг устиларида сакраб юради.” |
| 5 |
| Эгамиз Мусога яна гапирди: — Ҳорунга айт, у қўлидаги таёғини дарёлар, анҳорлар, кўллар томонга узатиб, қурбақаларни чиқарсин. Миср юртини қурбақалар босиб кетсин. |
| 6 |
| Ҳорун таёғини Миср сувлари томонга узатди. Ўша заҳоти қурбақалар чиқиб, Мисрни босиб кетди. |
| 7 |
| Мисрлик сеҳргарлар ҳам сеҳр–жодулари билан Миср юртига қурбақалар чиқардилар. |
| 8 |
| Шунда фиръавн Мусо билан Ҳорунни чақириб айтди: — Эгангизга: “Фиръавнни ва унинг халқини Ўзинг қурбақалардан халос қилгин”, деб ибодат қилинглар. Шундан кейин Исроил халқига кетгани ижозат бераман, токи улар бориб Эгангизга қурбонликлар келтирсин. |
| 9 |
| Шунда Мусо фиръавнга деди: — Хўп, вақтини ўзинг тайинла. Қурбақалар сизлардан, хонадонларингиздан йўқолсин, фақат Нил дарёсида қолсин, деб сен, аъёнларинг ва халқинг учун қачон ибодат қилай? |
| 10 |
| — Эртага, — деди фиръавн. — Бўпти, сен айтгандай бўлади! — деб жавоб берди Мусо. — Ўшанда Эгамиз Худога ўхшаган худо йўқлигини билиб оласан. |
| 11 |
| Қурбақалар сендан, аъёнларингдан, халқингдан ва хонадонларингиздан йўқолади. Фақат Нилда қолади, холос. |
| 12 |
| Шундай қилиб, Мусо билан Ҳорун фиръавн ҳузуридан чиқдилар. Фиръавн бошига келтирган қурбақа офатини йўқ қилгин, деб Мусо Эгамизга илтижо қилди. |
| 13 |
| Эгамиз Мусонинг илтижосини эшитди, уйлардаги, ҳовлилардаги ва далалардаги қурбақалар ўлди. |
| 14 |
| Қурбақаларнинг ўлигини уюм–уюм қилдилар. Миср юртини қўланса ҳид тутиб кетди. |
| 15 |
| Лекин фиръавн Миср юрти қурбақадан халос бўлганини кўргач, Эгамиз айтгандай, юрагини тош қилиб, Мусо билан Ҳоруннинг гапига қулоқ солмади. |
| 16 |
| Эгамиз Мусога гапиришда давом этди: — Ҳорунга буюр, у таёғини узатиб, ернинг чангига урсин. Шунда ердаги чанг бургага айланиб, бутун Мисрни қоплайди. |
| 17 |
| Улар Эгамизнинг айтганини қилдилар: Ҳорун қўлидаги таёғини узатиб, ернинг чангига урган эди, инсонлар билан ҳайвонларнинг устига бурга ёпирилди. Бутун Миср ерининг чанги бургага айланди. |
| 18 |
| Одамларни, ҳайвонларни бурга босиб кетди. Сеҳргарлар ҳам сеҳр–жодулари билан чангни бургага айлантирмоқчи бўлдилар, лекин уддасидан чиқолмадилар. |
| 19 |
| Улар фиръавнга: “Бу Худонинг иши”, дейишди. Лекин Эгамиз айтгандай, барибир, фиръавннинг юраги тошлигича қолиб, Мусо билан Ҳоруннинг айтганларига қулоқ солмади. |
| 20 |
| Эгамиз Мусога яна гапирди: — Эртага саҳарда ўрнингдан тур. Фиръавн дарёга бораётганда, унинг олдига боргин–да, Менинг шу гапимни етказ: “Эгамиз шундай айтмоқда: — Менинг халқимга ижозат бер, улар бориб, Менга сажда қилсин. |
| 21 |
| Агар халқимни қўйиб юбормасанг, Мен ўзингнинг, аъёнларингнинг, халқингнинг устига сўналар галасини юбориб жазолайман. Мисрликларнинг уйлари, улар яшаётган ер сўнага тўлиб–тошади. |
| 22 |
| Лекин ўша куни Ўз халқим яшаётган Гўшен ерларини ажратиб қўяман. У ерда сўна бўлмайди. Мен, Эгангиз, бу юртда бор эканлигимни билиб олинглар, деб шуни қиламан. |
| 23 |
| Мен Ўз халқим билан сенинг халқингни айириб қўяман. Бу мўъжиза эртага юз беради.” |
| 24 |
| Эгамиз айтганини қилди: фиръавннинг саройига, аъёнларининг уйларига гала–гала сўна юборди. Бутун Миср юрти сўна оқибатида хароб бўлди. |
| 25 |
| Шундан сўнг фиръавн Мусо билан Ҳорунни чақириб: “Боринглар, шу юрт ичида Худойингизга қурбонликлар келтираверинглар”, деб айтди. |
| 26 |
| — Бунақа қилсак, тўғри бўлмайди, — деб жавоб берди Мусо. — Эгамиз Худога ҳайвонларни қурбонлик қилсак, Мисрликлар буни жирканч деб ҳисоблайдилар. Мисрликлар қабиҳ деб ҳисоблаган ишни яна уларнинг кўз олдида қилсак, бизни тошбўрон қилмайдиларми?! |
| 27 |
| Эгамиз Худо, бизга амр этгандай, Унга қурбонликлар келтиргани саҳрода уч кун йўл юриб боришимиз керак. |
| 28 |
| — Майли, ижозат бераман, — деди фиръавн. — Саҳрога бориб, Эгангиз Худога қурбонликлар келтиринглар. Лекин узоққа кетмайсизлар. Энди сен ҳозироқ мен учун ибодат қил. |
| 29 |
| — Ҳузурингдан чиқишим биланоқ Эгамизга: “Эртага сўналар фиръавндан, аъёнларидан, халқидан даф бўлсин”, деб ибодат қиламан, — деди Мусо. — Лекин халқ Эгамизга қурбонликлар келтиргани кетаётганда, бизни алдама, ижозат бермай қўйма. |
| 30 |
| Мусо фиръавн ҳузуридан чиқиб, Эгамизга ибодат қилди. |
| 31 |
| Эгамиз Мусонинг ибодатини эшитди. Фиръавндан, унинг аъёнларидан, Миср халқидан сўналарни даф қилди. Бирорта ҳам сўна қолмади. |
| 32 |
| Лекин фиръавн бу сафар ҳам юрагини тош қилиб, халққа кетишга ижозат бермади. |
|
| Eslatmalarni Saqlash |
https://beblia.bible:81/BibleAudio/uzbekuzb/exodus/008.mp3
40
8