Лекин уларнинг ҳаммаси шарманда бўлади, Ахир, Миср уларнинг халқига ёрдам бермайди. Ҳеч қандай мадад, фойда йўқ, Улар шарманда бўлиб, таъна тагида қолади.”
Қаранглар, халқингиздан беш–олтитаси қолмагунча Бир кишининг таҳдиди мингтангизни қочиради. Беш кишининг таҳдиди сизларни қочиради. Аммо қолганлар тепаликдаги байроқ дастасидай бўлади. Улар тоғ чўққисидаги байроқ каби ишора бўлади.”
Шунинг учун Эгам кутмоқда, Сизларга шафқат кўрсатай, деб. Мана У қўзғалмоқда, Ўз меҳрини кўрсатай, деб. Ахир, Эгам адолатли Худодир. Унга умид боғлаганлар бахтиёрдир.
Эй Қуддусда макон қилган Сион халқи! Сизлар энди йиғламайсизлар. Фарёдингизни эшитиб, Эгам албатта марҳамат кўрсатади. Овозингизни эшитиб, жавоб беради.
Ой қуёшга ўхшаб нур сочади. Қуёш эса етти баробар кўпроқ нур беради, етти кунлик ёруғлигини сочади. Эгам Ўз халқининг яраларини боғлаб, Ўзи келтирган жароҳатларга шифо берган кун шундай бўлади.
Унинг нафаси бўйингача келадиган Тошқин дарёга ўхшар, У халқларни ҳалокат элагида элайди. У элатларнинг оғзига сувлуқ солади–да, Уларни йўлдан адаштиради.
Эгамиз Ўз улуғвор овозини эшиттиради. Ҳа, қўлининг зарбаси оғирдир. Унинг кучли ғазаби, ямламай ютай деган оловга ўхшайди. Ҳа, Унинг ғазаби бўрону довул, момақалдироқ кабидир.
Тофат аллақачон тайёрланган. Ҳа, у ҳатто Оссурия шоҳи учун ҳам тайёр турибди. Бу кенг чуқурда алангаю ўтин мўл–кўл. У ерда Эгамизнинг нафаси вулқондан чиққан олов каби ёндиради.