×

Муқаддас Китоб 2016 (UZB)

Ишаё 31

1
Ҳолингизга вой! Эй Мисрдан ёрдам сўраб бораётганлар! Ҳолингизга вой! Эй отларга ишонаётганлар! Улар жанг араваларининг кўплигию Кучли отлиқларга умид боғлайдилар. Исроил халқининг муқаддас Худосига эса Назар ҳам ташламайдилар, Унга юз бурмадилар.
2
Ахир, Эгам ҳам доно. У кулфат олиб келади. Сўзларини У қайтиб олмайди, Фосиқларнинг хонадонига қарши қўзғалади, Бадкирдорларга ёрдам берганларга қарши туради.
3
Мисрликлар Худо эмас, инсонлардир, Уларнинг отлари руҳ эмас, танадир. Эгам уларга қарши қўл кўтарганда, Мададкор қоқилади, Мададга зор йиқилади. Иккови биргаликда ҳалок бўлади.
4
Ҳа, Эгам менга айтмоқда: “Кучли шер қўйни бўғизлаганда, Чўпонлар шовқин–суронига эътибор бермас, Уларга ҳатто назар ҳам ташламас. Шу сингари, Мен, Сарвари Олам, Сион тоғи, ўша тепаликда Жанг қилишга келаман.
5
Ўз ини устида учаётган қуш каби, Мен, Сарвари Олам, Қуддусни қўриқлайман. Мен Қуддусни қўриқлаб, озод қиламан, Ҳимоя қилиб, нажот бераман.”
6
Эй Исроил халқи! Гарчи сизлар шу қадар фосиқ исёнчи бўлсангиз ҳам, энди Эгамизга қайтинг!
7
Ҳа, ўша куни ҳар бирингиз олтин бутлар ва кумуш тасвирларни рад этасиз. Уларни гуноҳкор қўлларингиз билан ясаган эдингиз.
8
Оссурия вайрон бўлади, аммо инсоннинг қиличидан эмас. Худонинг қиличи Оссурияликларни уради. Оссурияликлар ваҳимага тушиб қочадилар. Кучли, ёш йигитларини қул қилиб олиб кетадилар.
9
Оссуриянинг суянган қояси ваҳима ичида қочади, Лашкарбошилари жанговар байроқдан қўрқиб, қочиб кетади. Ҳа, Эгамизнинг алангаси Қуддусда, Унинг ўчоғи Сиондадир. Эгамизнинг каломи шудир.
Uzbek Bible 2016 (UZB)
Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020
:
Eslatmalarni saqlash