Энди Эгам гапирди. Ёқуб наслини Унга қайтарсин, деб Исроилни Унинг олдига тўпласин, деб Онам қорнидаёқ мени Ўз қули қилиб яратди. Эгамнинг кўз олдида мен шуҳрат топаман, Худойим менинг куч–қудратим бўлди.
У шундай деди: “Ҳа, Ёқуб қабилаларини қайта тиклайсан, Исроилдан қолганларини қайтарасан. Мен сени фақат шунинг учунгина қулим қилмадим. Сени бошқа халқларга ҳам нур қиламан, Токи Менинг нажотим ернинг четигача етиб борсин.”
Эгамиз шундай айтмоқда: “Мурувват пайти келганда, Мен сенга жавоб бердим, Нажот куни келганда, Мен сенга ёрдам бердим. Ўзим сени ҳимоя қиламан, Халқим билан тузган аҳдимни Сен орқали амалга ошираман. Токи юрт қайта тиклансин, Ташландиқ мулклар тақсимлансин.
Маҳбусларга: ‘Чиқинглар!’ демоқдаман. Зулматдагиларга: ‘Кўрининглар!’ демоқдаман. Йўл бўйида улар ўтлоқлар топади, Тап–тақир қирлар уларнинг яйлови бўлади.
Улар на очликни, на ташналикни билади, На гармсел, на жазирама қуёшдан азоб чекади. Меҳр–шафқат кўрсатиб, уларни етаклайман, Уларни булоқларга бошлаб бораман.
Шунда ўзингга ўзинг дейсан: ‘Уларни менга ким туғиб берди? Фарзандсиз эдим, туғмас бўлиб қолгандим. Сургунда эдим, хор бўлгандим. Уларни ким менга катта қилиб берди? Ёлғиз ўзим қолгандим–ку, Энди улар қаердан келиб қолди?’”
Эгамиз Раббий шундай айтмоқда: “Мана, Мен халқларга қўл кўтариб, ишора бераман, Элатларга байроғимни кўтараман. Болаларингни улар қўлларида кўтариб келади, Қизларингни улар опичлаб келади.
Эгамиз эса шундай айтмоқда: “Мана, кучли жангчидан асирлар тортиб олинади, Золимга ўлжа бўлганлар қутқарилади! Сенга қарши чиққанларга Мен қарши чиқаман, Сенинг болаларингни Мен Ўзим қутқараман!