Сен билан даъволашганимда, эй Эгам, Сен ҳар доим ҳақ бўлиб чиқасан. Шундай бўлса–да, Сен билан яна гаплашмоқчиман, Адолат хусусида савол бермоқчиман. Нечун фосиқларнинг иши юришади? Нечун мунофиқлар роҳатда яшайди?
Оҳ, қачонгача ер қақраб ётади? Қачонгача ҳамма даладаги ўтлар қурийди? Бу ерда яшайдиган фосиқларнинг дастидан, Қушлару ҳайвонлар нобуд бўлди. Бу одамлар: “Бизга нима бўлишини Еремиё қаердан ҳам биларди?!” деб айтишади.
Эгамиз менга деди: “Эй Еремиё, Сен одамлар билан пойга қилиб ҳолдан тойган бўлсанг, Қандай қилиб отлар билан пойга қиласан?! Фақат осойишта юртда ўзингни бехатар сезсанг, Иордан бўйидаги чакалакзорда нима қиласан?!
Эгамиз шундай демоқда: “Мен халқимга Исроил юртини мулк қилиб берган эдим, аммо унинг ёвуз қўшнилари халқимга ҳужум қилиб, юртимни талон–тарож қилдилар. Мен бу ёвуз халқларни ўз юртларидан суғуриб ташлайман. Яҳудо халқини уларнинг исканжасидан суғуриб оламан.
Илгари бу халқлар Исроил халқига Баал номи билан қасам ичишни ўргатган эдилар. Агар энди улар халқим Исроилнинг йўлини астойдил ўргансалар, “Эгамиз шоҳид” дея Менинг номим билан қасам ичсалар, халқим орасида ўрнашиб оладилар.