“Омон ўғли Йўшиё Яҳудода ҳукмронлик қилган даврнинг ўн учинчи йилидан тортиб то бугунга қадар Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилиб келмоқда. Мана, йигирма уч йилдирки, мен сизларга тўхтовсиз гапиряпман, аммо сизлар гапларимга қулоқ солмаяпсизлар.
Мен шимолдаги барча қабилаларни йиғиб оламан. Бобил шоҳи қулим Навухадназарни ҳам чақираман. Уларни сизларга қарши, бу юрт аҳолиси ва ён–атрофингиздаги халқларга қарши тортиб келаман. Мен сизларни тамомила қириб битираман. Аҳволингизни кўрган одамлар қотиб қолади, сизларни кўрганлар даҳшатга тушади. Мен юртингизни абадий харобазорга айлантираман.
Эгамиз шундай демоқда: “Етмиш йилдан кейин эса Мен Бобил шоҳини, унинг халқини ва Бобилликларнинг бутун юртини қилган гуноҳлари учун жазолайман. Уларнинг юрти то абад ҳувиллаб қолади.
Исроил халқининг Худоси — Эгамиз менга шундай деди: “Қўлимдаги косани ол. Бу коса ғазабим шаробига тўла. Мен сени юборадиган ҳамма халқларга бу косадаги шаробдан ичир.
Қуддус, Яҳудо юртининг шаҳарлари ва у ердаги шоҳу аъёнлар хонавайрон бўлсин, деб мен уларга шаробдан ичирдим. Бугунгача уларнинг аҳволидан одамлар ёқасини ушлайди, халқимнинг номини қарғишларда ишлатишади.
ва у ерда яшаётган мусофирларга шаробдан ичирдим. Сўнг Уз номли юртнинг шоҳларига, шунингдек, Ашқалон, Ғазо, Эхрон ва талафот кўрган Ашдодда ҳукмронлик қилган ҳамма Филист шоҳларига шаробдан ичирдим.
Эгамиз менга деди: “Уларга шундай деб айт, Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам демоқда: Ғазаб косамдан ичинглар! Маст бўлиб қусинглар! Турмайдиган бўлиб йиқилинглар, чунки Мен сизларнинг устингизга қилич юборяпман.”
Борди–ю, улар қўлингдаги косани олишдан ва шароб ичишдан воз кечсалар, сен уларга шундай деб айт: “Сарвари Олам сизларга “Ичишингиз шарт!” деб айтмоқда.
“Шунинг учун, эй Еремиё, сен бу сўзларнинг ҳаммасини уларга айт: Эгамиз юксакдан ўкиради, Муқаддас маконидан садо беради. Юртига шиддат билан ўкиради. Узум эзувчилар каби бақиради, Ер юзидаги ҳамма инсонларга ҳайқиради.
Ўша куни бутун ер юзи, бу бошидан нариги четигача Худонинг қудратидан нобуд бўлган одамларнинг жасадларига тўлади. Марҳумлар учун ҳеч ким марсия айтмайди, ҳеч ким уларни йиғиб кўммайди. Улар ер устида гўнгдай ётаверади.