Шундай кунлар келадики, Мен халқим Исроилни ва Яҳудони яна фаровонликка эриштираман. Ота–боболарига берган юртга уларни олиб келаман. Улар ўша юртга эгалик қиладилар.” Эгамизнинг каломи шудир.
Қани, сўраб кўринг: Эркак киши туғадими? Нега унда мен кўрган ҳар бир кучли эркак Дард тутган аёлдай белини ушлаб олган? Нега ҳар бир эркакнинг юзи бўздай оқарган?
Эгамиз шундай демоқда: “Эй қулим Ёқуб, қўрқма! Эй Исроил халқи, саросимага тушма! Мен сени олис юртдан озод қилиб олиб келаман, Наслингни сургун бўлган мамлакатдан қутқараман. Эй Ёқуб насли, сен юртингга қайтасан, Осойишта ва бехатар яшайсан. Энди ҳеч ким сени қўрқитмайди.”
Эгамиз шундай демоқда: “Мен сен билан бирга бўламан, Ўзим сени қутқараман. Сени халқлар орасига тарқатган эдим, Энди ўша халқларнинг ҳаммасини қириб ташлайман. Сени эса қириб юбормайман, Аммо жазосиз ҳам қолдирмайман, Адолат ила жазоингни бераман.”
Ҳамма ўйнашларинг сени унутди, Уларнинг сен билан иши йўқ. Мен душман каби сенга ҳамла қилдим, Шафқатсиз жазоингни бердим. Оғир жиноятинг, кўп гуноҳларинг учун, Сени шу кўйга солдим.
Душманлар сени “Ташлаб кетилган”, деб аташса ҳам, “Ҳеч кимнинг Қуддус билан иши йўқ”, деб айтишса ҳам, Мен сени соғайтираман, Ярангга шифо бераман.” Эгамизнинг каломи шудир.
Эгамиз шундай демоқда: “Мен Ёқуб наслининг чодирларини қайта тиклайман. Халқим хонадонларига раҳм–шафқат қиламан. Шаҳар ўз вайроналари устида қайта бунёд бўлади, Сарой ўз жойида тикланади.
У ердан шукрона қўшиқлари эшитилади, Шодлик ҳайқириқлари янграб туради. Мен халқимни кўпайтираман, Уларнинг сони камаймайди. Уларни обрў–эътиборли қиламан, Ҳеч ким уларни оёқ ости қилмайди.
Шаҳзодаси ўзларидан чиқади, Ҳукмдори Менинг халқимдан бўлади. Мен уни Ўзимга яқинлаштираман, Шунда у Менга яқинлаша олади. Зотан ҳеч ким ўзидан ўзи Менга яқинлашишга журъат этмайди!” деб айтмоқда Эгамиз.