Вой шўрим! Одамларга тўлиб–тошган бир вақтлар, Нақадар ёлғиздир энди бу шаҳар! Халқлар орасида шуҳрат қозонган, Энди бир бева аёлга у ўхшаб қолган. У вилоятлар орасида маликадай эди, Энди у бир чўрига ўхшаб қолди.
Кечалари у аччиқ–аччиқ йиғлайди, Кўзларидан ёшлар оқади. Уни юпатадиган бирон кимса Йўқдир ўйнашларининг орасида. Дўстлари унга хиёнат қилишди, Унга душман бўлиб қолишди.
Яҳудо халқи сургун бўлиб, азоблар тортди, Тутқунликнинг машаққатини у тотиб қўрди. Бегона халқлар орасида ўрнашганда, Ўзига ором топа олмади. У танг аҳволга тушиб қолганда, Таъқиб этувчилар уни қўлга олди.
Қуддусга душманлари бош бўлди, Унинг ғанимлари равнақ топди. Қуддус беҳад кўп гуноҳ қилди, Шу сабабдан Эгамиз уни азобга солди. Қуддуснинг фарзандлари сургун қилинди, Ғанимлари уларни олиб кетди.
Унинг нопоклиги кийимини доғ қилди, Келажаги ҳақида у қайғурмади. У даҳшатли тарзда қулади, Унинг юпатувчиси йўқ эди. У шундай деб ёлворди: “Кулфатимга бир назар солгин, эй, Эгам, Зеро, душманларим ғолиб келди устимдан!”
Мана энди, шаҳардаги ҳамма одамлар хўрсиняпти, Бир бурда нонни излаб юрибди. Улар бойликларини сотиб, овқат олишяпти, Шу йўсин ўз жонларини сақлашяпти. Қуддус шундай деб ёлвормоқда: “Эй Эгам, менга бир боққин, Хор бўлганимни кўриб қўйгин!”
Гуноҳларим бўйинтуруққа айланган, Ўша бўйинтуруқни Худонинг Ўзи ясаган. У гуноҳларимни бўйнимга осди. Мени тамом ҳолдан тойдирди. Раббий берди мени душманларим қўлига, Мен қаршилик қила олмайман уларга.
Одамлар оҳу нолаларимни эшитди, Бироқ менинг юпатувчим йўқ эди. Ғанимларим эшитди кулфатларим ҳақида, Хурсанд бўлишди қилган ишингдан шунда. Сен эълон қилган ўша кунингни келтиргин, Душманларим ҳам менинг ҳолимга тушсин.
Назарингдан қочмасин уларнинг қилган қабиҳликлари, Гуноҳим–чун мени жазолагандай жазолагин уларни. Кўпдир менинг оҳу нолаларим, Ҳеч ҳам қолмади менинг мадорим.”