Мен сени орқага қайтараман, жағларингга илмоқлар соламан. Сени ва бутун лашкарингни, отлару отлиқларингни, тиш–тирноғигача қуролланган аскарларингни, улкан бир оломонни, катта ва кичик қалқон ушлаб, қилич ўйнатган жангчиларингни судраб чиқараман.
Йиллар ўтиб, жангга отланасан. Урушдан кейин ўзини тиклаб олган бир юртга сен бостириб борасан. Узоқ вақт давомида ташландиқ бўлиб ётган бу юртга, турли хил халқлардан Исроил тоғларига келиб ўрнашган одамларга ҳужум қиласан. Уларнинг ҳаммаси осойишта турмуш кечираётган бўлади.
Сен шундай айтасан: — Мен девор билан ўралмаган қишлоқларга бостириб бораман. Хотиржам яшаётган одамларга ҳужум қиламан. Уларнинг на деворлари бор, на дарвозаси, на тамбаси бор.
Сен хароб шаҳарларни тиклаган одамларни талон–тарож қиласан. Бу одамлар турли халқлардан йиғилган, чорва кўпайтириб, дунё орттирган, жаҳон чорраҳасида жойлашиб олишган.
Эгамиз Раббий шундай демоқда: “Ўз қулларим — пайғамбарлар орқали Мен халқимни огоҳлантириб келганман. Келажакда уларга қарши бир душман юборишимни олдиндан айтганман. Ўша душман сенсан, эй Гўг.”
Мен ўлату қотилликлар орқали сени жазолайман. Сенинг, лашкарингнинг, сенга эргашиб келган кўп халқларнинг устига оловли олтингугурт, жала ва дўл ёғдираман.
Дунёдаги кўплаб халқларга Ўзимнинг улуғворлигим ва муқаддаслигимни намоён қиламан, уларга Ўзимни танитаман. Ўшанда Эгангиз Мен эканлигимни улар билиб оладилар.”