Эгамиз шундай дейди: “Илгари Эфрайим гапирганда ҳаммани титроқ босарди, Исроилда унинг мартабаси улуғ эди. Аммо Эфрайим Баалга сажда қилиб, гуноҳ орттирди, Шундай қилиб, ўзини ўлимга маҳкум этди.
Мен бу халқни ўликлар диёридан қутқарармиканман?! Уларни ўлимдан халос қилармиканман?! Эй ўлим, қирғин олиб келгин! Эй ўликлар диёри, ҳалокатли кучингни кўрсатгин! Энди Мен раҳм–шафқат қилмайман.”
Исроил қариндошлари орасида Серпушт ва фаровон бўлса–да, Эгамиз унинг устига шарқ шамолини юборади, Саҳродан эсган гармселни жўнатади. Исроилнинг булоғини қуритади, Унинг чашмасини қовжиратади. Хазинасидаги қимматбаҳо зийнатларини тортиб олади.