Сўнг ўша буғдой унини Ҳоруннинг руҳоний ўғилларига олиб келинг. Руҳоний мой қўшилган сифатли уннинг бир ҳовучини ва устидаги тутатқининг ҳаммасини олиб, қурбонгоҳ устида куйдирсин. Бундай қилиш назрнинг ҳаммаси Худога тегишли эканини билдиради. Оловда куйдирилган бу назрдан Эгамизга ёқимли ҳид боради.
Дон назрининг қолгани эса Ҳорун ва унинг ўғиллариники бўлсин. Назрнинг руҳонийларга тегишли бу қисми ғоят муқаддасдир, чунки у Эгамизга аталган, оловда куйдириладиган назрлардан олингандир.
Руҳоний дон назрингизнинг бир қисмини олиб, қурбонгоҳда куйдирсин. Бундай қилиш назрнинг ҳаммаси Худога тегишли эканини билдиради. Оловда куйдирилган бу назрдан Эгамизга ёқимли ҳид боради.
Дон назрингизнинг қолгани эса Ҳорун ва унинг ўғиллариники бўлсин. Назрнинг руҳонийларга тегишли бу қисми ғоят муқаддасдир, чунки у Эгамизга аталган, оловда куйдириладиган назрлардан олингандир.
Хамиртуруш ва қиёмни илк ҳосил назрингизга қўшиб, Эгамизга келтиришингиз мумкин. Лекин Эгамизга ёқимли ҳид борсин, деб буларни қурбонгоҳ устида куйдирманг.
Руҳоний туйилган буғдойнинг бир қисмини, устидаги мой ва ҳамма тутатқи билан бирга қурбонгоҳ устида куйдирсин. Бундай қилиш назрнинг ҳаммаси Худога тегишли эканини билдиради. Эгамизга атаб, оловда куйдирилган назр шудир.