Исроил халқига шундай деди: “Ўз боласини Мўлахгақурбонлик қилган ҳар қандай одамга, Исроил халқидан ёки юртингизда яшаган мусофир бўлишидан қатъий назар, ўлим жазоси берилсин. Бутун жамоа уни тошбўрон қилсин.
Мен Ўзим бундай одамга қарши чиқиб, уни халқ орасидан йўқ қилиб юбораман, чунки у фарзандини Мўлахга қурбонлик қилиб, Муқаддас чодиримни булғаган бўлади, Мени, Муқаддас Худони бадном этган бўлади.
Мен Ўзим жамоага ва уларнинг барча хонадонларига қарши чиқаман. Уларни халқ орасидан йўқ қиламан. Менга бевафолик қилиб, Мўлахга сиғинадиган барча издошларини улар қатори қириб юбораман.
Агар эркак аёл билан ётгандай бошқа эркак билан ётса, уларнинг иккови жирканч иш қилган бўладилар. Иккови ҳам ўлдирилсин, уларнинг қони ўз гарданида қолади.
Агар эркак хотин олиб, хотинининг онасига ҳам уйланса, у бузуқлик қилган бўлади. Уларнинг учалови ҳам тириклайин оловга ташлансин. Орангиздан бузуқликни йўқ қилинг.
Агар эркак ўз синглисига — отасининг ёки онасининг қизига уйланиб, у билан қовушса, шармандаликка йўл қўйган бўлади. Уларнинг иккови ҳам халқнинг кўзи олдида йўқ қилинсин. У синглисининг шаънига доғ туширгани учун жазога тортилсин.
Агар эркак амакисининг хотини билан ётса, у амакисининг шаънига доғ туширган бўлади. Эркак ҳам, аёл ҳам жазога тортилсин. Улар фарзанд кўрмай ўтиб кетишади.
Агар эркак акасининг ёки укасининг хотинига уйланса, ярамас иш қилган бўлади. У акасининг ё укасининг шаънига доғ туширгани учун, улар фарзандсиз ўтиб кетишади.
Сизлар уларнинг сут ва асал оқиб ётган юртини мулк қилиб оласизлар, деб Мен сизларга ваъда қилган эдим. Ўша юртни сизларга Мен бераман. Мен Эгангиз Худоман. Сизларни халқлар орасидан ажратиб олганман.
Шундай экан, сизлар ҳалол билан ҳаром ҳайвоннинг фарқига, ҳалол билан ҳаром қушнинг фарқига боришингиз лозим. Ҳаром ҳайвону қушларни ва ерда судралиб юрувчиларни еб ўзингизни булғаманг. Мен уларни ҳаром, деб эълон қилганман.