Муқаддас Китоб 2016 (UZB)
|
| 1 |
| Бир пайт Исо ибодат қилаётган эди. Ибодатни тамом қилгач, шогирдларидан бири Унга деди: — Ҳазрат! Яҳё ўз шогирдларига ибодат қилишни ўргатганди. Сиз ҳам бизга ибодат қилишни ўргатинг. |
| 2 |
| Исо уларга деди: — Ибодат қилаётганингизда шундай деб айтинглар: Эй Отамиз! Сенинг муқаддас номинг улуғлансин. Сенинг Шоҳлигинг келсин. |
| 3 |
| Кундалик ризқимизни бергин. |
| 4 |
| Гуноҳларимизни кечиргин, Чунки биз ҳам ўзимизга қарши гуноҳ қилган ҳар бир одамни кечирамиз. Бизни васвасага дучор қилмагин. |
| 5 |
| Исо шогирдларига деди: — Фараз қилайлик, орангиздан бирортангиз ярим кечаси дўстингизнинг олдига бориб, шундай деб илтимос қилдингиз: “Дўстим, менга учта нон қарз бериб тур. |
| 6 |
| Ҳозир уйимга бир дўстим келиб қолди, унинг олдига қўядиган бирон егулигим йўқ.” |
| 7 |
| Ичкаридаги дўстингиз эса сизга шундай жавоб берди дейлик: “Мени безовта қилма! Эшик қулф, болаларим мен билан бир тўшакда ётишибди. Ўрнимдан туриб сенга нон беролмайман!” |
| 8 |
| Мен сизларга айтаман: у сизга нонни дўсти бўлганингиз учун бермаса ҳам, сиз уни ҳоли–жонига қўймай сўрайверсангиз, сўраган нарсангизни албатта сизга беради. |
| 9 |
| Сизларга айтаман: сўранг ва сизга берилади. Изланг, топасизлар. Тақиллатинг, эшик очилади. |
| 10 |
| Чунки сўраган ҳар бир одам олади, излаган топади, тақиллатганга эшик очилади. |
| 11 |
| Орангиздан қайси бир ота, ўғли балиқ сўраганда, унга балиқ ўрнига илон беради? |
| 12 |
| Ёки тухум сўраганда, унга чаён беради? |
| 13 |
| Сизлар гуноҳкор бўла туриб болаларингизга яхши ҳадялар бера олар экансиз, осмондаги Ота ҳам Ундан сўраганларга Муқаддас Руҳни беришга қанчалар тайёр.” |
| 14 |
| Бир куни Исо соқов одамдан ёвуз руҳни қувиб чиқарди. Жин чиққандан сўнг, соқов тилга кирди, халқ эса ҳайратда қолди. |
| 15 |
| Аммо ораларидан баъзилари: “У инс–жинслар ҳукмдори — Баалзабулнинг кучи билан жинларни қувиб чиқаряпти!” — дедилар. |
| 16 |
| Бошқалар эса Исонинг Худодан келганини синаб кўрмоқчи бўлиб, мўъжизали аломат кўрсатишини талаб қилдилар. |
| 17 |
| Исо эса уларнинг нима ҳақида ўйлаётганини билиб турарди. У ўша одамларга деди: “Ўз ичидан бўлиниб кетган ҳар бир шоҳлик ҳувиллаб қолади, ўз ичидан бўлинган хонадон хароб бўлади. |
| 18 |
| Шу сингари, шайтон шоҳлиги ҳам ўзаро бўлиниб кетса, унинг шоҳлиги қандай тура олади?! Сизларнинг гапингизга кўра, инс–жинслар ҳукмдори — Баалзабул ато этган қудрат билан Мен жинларни қувиб чиқараётган эмишман. |
| 19 |
| Агар Мен жинларни Баалзабул кучи билан қувиб чиқараётган бўлсам, у ҳолда ўз шерикларингиз кимнинг кучи билан жинларни қувиб чиқаришяпти? Шу сабабдан ҳам шерикларингиз сизларни ҳукм қилади. |
| 20 |
| Агар Мен жинларни Худонинг қудрати билан қуваётган бўлсам, демак, Унинг Шоҳлиги сизларга ҳам келган. |
| 21 |
| Бошдан–оёқ қуролланган кучли одам уйини қўриқлаганда, унинг мол–мулки бехатар бўлади. |
| 22 |
| Аммо ундан кучлироғи ҳужум қилиб уни енгса, унинг таянган барча қуролларини тортиб олади ва ўлжасини истаганига тақсимлаб беради. |
| 23 |
| Ким Мен билан бирга бўлмаса, Менга қаршидир. Ким Мен билан бирга йиғмаса, сочади. |
| 24 |
| Ёвуз руҳ инсондан чиққандан кейин, ҳузур–ҳаловат излаб, сувсиз ерларни кезади ва топмагач: “Чиққан уйимга қайтиб бораман”, дейди. |
| 25 |
| Уйига келганда, уйни супурилган ва йиғиштирилган ҳолда кўради. |
| 26 |
| Шунда бориб, ўзидан ҳам ёвузроқ бошқа еттита руҳни чақиради ва улар билан уйга кириб, жойлашиб олади. Охир–оқибат ўша одамнинг аҳволи олдингидан ҳам ёмонроқ бўлади.” |
| 27 |
| Исо шу гапларни айтаётганда, оломон орасидан бир аёл баланд овозда Исога деди: — Сизни қорнида кўтариб юрган, сизни эмизган аёл бахтлидир! |
| 28 |
| Исо эса жавобан шундай деди: — Тўғри, лекин Худонинг каломини тинглаб, унга риоя қиладиганлар бахтлироқдир! |
| 29 |
| Исонинг олдига катта оломон йиғилгандан кейин, Исо сўз бошлади: — Ҳозирги насл қабиҳ бир наслдир. Бу насл аломат сўрайди, аммо уларга Юнуснинг аломатидан бошқа аломат берилмайди. |
| 30 |
| Юнус Найнаво аҳолисига аломат бўлгани сингари, Инсон Ўғли ҳам ҳозирги насл учун аломат бўлади. |
| 31 |
| Жануб маликаси қиёмат кунида ўрнидан туриб, бу наслнинг одамларини маҳкум этади. Чунки малика Сулаймоннинг доно таълимотини тинглагани дунёнинг у четидан келган эди. Бу ерда эса Сулаймондан ҳам буюкроқ бир Зот турибди! |
| 32 |
| Найнаво аҳолиси қиёмат кунида ўрнидан туриб, бу наслни маҳкум этади. Чунки Найнаволиклар Юнуснинг ваъзидан кейин тавба қилганлар. Бу ерда эса Юнусдан ҳам буюкроқ бир Зот турибди! |
| 33 |
| “Ҳеч ким чироқни ёқиб, уни кўринмас ерга қўймайди. Аксинча, кирганлар ёруғликни кўрсин, деб уни чироқпояга қўяди. |
| 34 |
| Тананинг чироғи — кўз. Агар кўзингиз пок бўлса, бутун танингиз ёп–ёруғ бўлади. Агарда кўзингиз ёмон бўлса, бутун танангиз зимзиё зулмат бўлади. |
| 35 |
| Шунинг учун эътибор беринг: сиздаги нур зулмат бўлмасин. |
| 36 |
| Агар танангиз ёп–ёруғ бўлиб, биронта қоронғи жойи бўлмаса, чироқнинг нури сизни ёритиб тургандай, баданингиз тамомила ёп–ёруғ бўлади.” |
| 37 |
| Исо буларни гапириб турганда, бир фарзий Уни меҳмонга таклиф қилди. Исо унинг уйига кириб, дастурхон ёнига ёнбошлади. |
| 38 |
| Исо овқатдан олдин қўлларини ювмаганини фарзий кўриб, ажабланди. |
| 39 |
| Раббимиз Исо унга деди: “Эй фарзийлар, сизлар пиёлаю идишнинг сиртини тозалайсизлар–у, аммо ичингиз очкўзлик ва ёвузликка тўла! |
| 40 |
| Ҳой бефаҳмлар! Нарсанинг сиртини яратган унинг ичини ҳам яратган эмасми?! |
| 41 |
| Яхшиси, идишингиз ичидагини камбағалларга хайр–садақа қилиб беринглар. Шунда ҳамма нарса сиз учун ҳалол бўлади. |
| 42 |
| Эй фарзийлар, ҳолингизга вой! Сизлар ялпиз, заъфарон ва ҳар хил ошкўкдан ушр берасизлар–у, аммо адолат ва Худонинг севгисини писанд қилмайсизлар! Буларнинг бирини бажара туриб, иккинчисини ҳам ташлаб қўймаслигингиз керак эди. |
| 43 |
| Эй фарзийлар, ҳолингизга вой! Сизлар синагогаларнинг тўрида ўтиришни ва бозорларда сизларга салом беришларини яхши кўрасизлар. |
| 44 |
| Ҳолингизга вой! Сизлар белгиси йўқ қабрларга ўхшайсизлар. Одамлар билмай туриб ўша қабрлар устидан босиб ўтадилар.” |
| 45 |
| Тафсирчилардан бири Исога деди: — Устоз, бу сўзларингиз билан бизни ҳақорат қилдингиз! |
| 46 |
| Исо эса деди: — Эй тафсирчилар, сизларнинг ҳам ҳолингизга вой! Сизлар кўтариб бўлмайдиган оғир юкни одамларга юклайсизлар–у, уларга ёрдам бергани ўзларингиз ҳатто бармоғингизни ҳам қимирлатмайсизлар. |
| 47 |
| Ҳолингизга вой! Сизлар ота–боболарингиз ўлдирган пайғамбарларга мақбаралар қуряпсизлар. |
| 48 |
| Шу тариқа ота–боболарингизнинг қилмишларини маъқуллаганингизни тасдиқлаяпсизлар. Улар пайғамбарларни ўлдиришган бўлса, сизлар пайғамбарларга мақбаралар қуряпсизлар! |
| 49 |
| Шунинг учун ҳам Худо Ўз ҳикматларида шундай деган: “Мен уларга пайғамбарлар ва ҳаворийлар юбораман. Улардан баъзиларини ўлдирадилар, баъзиларини эса қувғин қиладилар.” |
| 50 |
| Дунё яратилгандан бери ҳамма пайғамбарларнинг тўкилган қони учун бу насл жазоланади. |
| 51 |
| Улар Ҳобилнинг тўкилган қонидан тортиб, қурбонгоҳ билан Маъбад орасида ўлдирилган Закариёнинг қонигача жавоб беришади. Ҳа, сизларга айтиб қўяй, бу насл шу ҳамма қотилликлар учун жавобгар бўлади. |
| 52 |
| Ҳолингизга вой, эй тафсирчилар! Сизлар илму маърифат калитини тортиб олдингизлар. Аммо ўзларингиз кирмадингизлар, кирмоқчи бўлганларнинг ҳам йўлларини тўсдингизлар.” |
| 53 |
| Исо у ердан чиқиши биланоқ, тафсирчилар ва фарзийлар Уни қаттиқ сиқувга олдилар, кўп саволларга жавоб беришга мажбурладилар. |
| 54 |
| Улар Исони тилидан илинтириб олиш учун фурсат пойлардилар. |
|
| Eslatmalarni Saqlash |
https://beblia.bible:81/BibleAudio/uzbekuzb/luke/011.mp3
24
11