Қайиқлардан бири Шимўнники эди. Исо Шимўннинг қайиғига тушиб, қирғоқдан бир оз нарироқ сузиб боришни илтимос қилди. Сўнг ўтириб, ўша ердан одамларга таълим берди.
Улар бошқа қайиқдаги ўртоқларига, ёрдам беринглар, деб ишора қилдилар. Қайиқлар етиб келгач, иккала қайиқни ҳам балиққа тўлдирдилар, қайиқлар сувга бота бошлади.
Исо бир шаҳарда бўлганда, тери касаллигига чалинган бир одам келиб қолди. У Исони кўриб, юз тубан ерга мук тушиб, ёлворди: — Ҳазрат, биламан, истасангиз, мени бу касалликдан поклай оласиз.
Бир куни Исо таълим бераётганда, Унинг тингловчилари орасида фарзийлар билан Таврот тафсирчилари ҳам ўтирган эдилар. Улар Жалила ва Яҳудиянинг ҳамма қишлоқларидан, Қуддусдан келган эдилар. Исода Эгамизнинг хасталарга шифо бериш қудрати бор эди.
Тафсирчилар билан фарзийлар эса ўзларича шундай мулоҳаза қила бошладилар: “Куфрлик қилаётган бу Одам ким ўзи? Худодан бошқа ҳеч ким гуноҳларни кечира олмайди–ку!”
Фарзийлар ва фарзийларнинг мазҳабидан бўлган тафсирчилар норози бўлиб, Исонинг шогирдларига дедилар: — Нега сизлар солиқчилару гуноҳкорлар билан бирга еб–ичиб ўтирибсизлар?
Исо уларга бир масални ҳам айтиб берди: — Ҳеч ким янги кийимдан йиртиб олиб, эски кийимга ямоқ солмайди. Акс ҳолда янги кийим ҳам йиртилади, янги кийимдан олинган ямоқ ҳам эски кийимга тўғри келмайди.