Сизларни синагогалардан ҳайдаб юборадилар. Ҳатто шундай замон келадики, сизларни ўлдираётган ҳар бир киши бу билан Худога хизмат қиляпман, деб ўйлайди.
Ҳақиқат Руҳи келиб, сизларни тўлиқ ҳақиқат сари бошлайди. У Ўзича гапирмайди, неки эшитса, ўшани сўзлаб беради, У юз берадиган воқеалар ҳақида сизларга хабар қилади.
Шу пайтда Исонинг шогирдлари бир–бирига деди: — Қизиқ, У бизга ўзи нима айтмоқчи?! “Сизлар билан бирга узоқ вақт бўлмайман, лекин кўп ўтмай сизлар Мени яна кўрасизлар”, деди. “Отанинг олдига кетяпман”, деб айтди.
Исо шогирдларининг савол бермоқчи бўлганларини билиб, деди: — “Сизлар билан бирга узоқ вақт бўлмайман, лекин кўп ўтмай сизлар Мени яна кўрасизлар”, деб айтган гапимнинг маъносини муҳокама қиляпсизларми?
— Шу вақтгача сизларга маталлар орқали гапириб келдим. Лекин шундай вақт келадики, Мен сизларга Отам ҳақида маталлар орқали эмас, очиқдан–очиқ гапираман.
Шундай вақт келадики, ҳатто келди ҳам, сизлар тарқалиб, ҳар бирингиз ин–инингизга кириб кетасизлар. Мени ёлғиз қолдирасизлар. Бироқ Мен ёлғиз эмасман, чунки Отам Мен биландир.