“Мен яҳудийман. Киликиянинг Тарс шаҳрида туғилган бўлсам-да, ушбу шаҳарда Гамалиэлнинг қарамоғида тарбияланганман. Бугун бу ерда йиғилган ҳаммаларингиз каби мен ҳам ота-боболар Қонуни йўриғида жиддий тарбияланиб, Худо учун фидойи бўлиб келганман.
Ана, олий руҳоний билан оқсоқолларнинг ҳаммаси менинг гувоҳларимдир. Мен улардан Дамашқдаги яҳудий биродарларга ёзилган мактублар олиб, у ерда яшаган Исо имонлиларини жазолаш учун Қуддусга кишанлаб келтирмоқ ниятида йўлга тушган эдим.
Сенинг шаҳидинг Стефаннинг қонини тўкканларида мен ҳам у ерда ҳозир эдим. Ҳатто унинг ўлдирилишига рози бўлиб, қотилларининг кийимларини сақлаб турардим, - дедим.
Уни тасма билан боғлашаётган вақтда, Павлус ёнида турган юзбошига:- Рим фуқаросини ҳукм қилмай қамчилаш, сизнингча, қонунга мос келадими? - деб сўради.
Шунда Павлусни сўроқ қилмоқчи бўлганлар дарҳол ундан қўл тортишди. Мингбоши ҳам унинг Рим фуқароси эканини билгач, уни боғлаб қўйгани учун қўрқиб кетди.
Эртаси куни мингбоши яҳудийлар Павлусни нимада айблашларини аниқ билиш мақсадида, уни кишанлардан бўшатди. Яҳудий олий руҳонийлари ва барча Олий Кенгаш аъзоларига йиғилишларини буюрди. Павлусни келтириб, уларнинг қаршисига қўйди.