Павлус келгач, Қуддусдан келган яҳудийлар уни ўраб олдилар ва унга қарши жиддий айбловларни қўя бошладилар. Ўзлари эса бу айбларни исботлай олмасдилар.
Фестус эса яҳудийларнинг кўнглини олмоқчи бўлиб, Павлусдан сўради: — Қуддусга бориб, ўша ерда менинг олдимда сенгга қўйилган шу айблар бўйича ҳукм қилинишни истайсанми?
— Мен Қайсарнинг маҳкамасида турибман, мен шу ерда ҳукм қилинишим керак. Мен яҳудийларга қарши бирон нотўғри иш қилмадим, буни ўзингиз ҳам яхши биласиз.
Агар мен қонунга хилоф бирон иш қилиб, ўлимга лойиқ бўлсам, ўлимдан қутулиш учун ҳаракат қилмайман. Агар бу одамларнинг менга қарши айбловлари ёлғон бўлса, ҳеч ким мени уларнинг қўлига топширишга ҳақли эмас. У ҳолда мен Қайсарнинг ҳукмини талаб қиламан.
Қуддусда бўлганимда бош руҳонийлар билан яҳудий оқсоқоллари ўша одам тўғрисида менга ахборот бердилар ва “Уни ўлимга маҳкум қилинг”, деб мендан илтимос қилдилар.
Мен уларга шундай деб айтдим: “Римликларнинг одати бўйича ҳеч ким сўроқ қилинмасдан жазоланиш учун айбловчининг қўлига топширилмайди. Айбланувчига айбловчилар билан юзма–юз учрашиб, ўзини ҳимоя қилиш имконияти берилади.”
Бош руҳонийлар ва оқсоқоллар бу ерга келганларида, мен вақтни бой бермай, эртаси куниёқ ҳукм курсисига ўтирдим–да, Павлусни олиб келинглар, деб буюрдим.
Бунинг ўрнига улар ўзларининг дини тўғрисида, ўлиб кетган қандайдир Исо тўғрисида Павлус билан баҳс қилдилар. Павлус, Исо тирикдир, деб тасдиқлайверди.
Бу масалаларни қандай ҳал қилсам экан, деб бошим қотиб қолди. Мен Павлусдан: “Қуддусга бориб, ўша ерда ўзингга қўйилган айблар бўйича ҳукм қилинишни истайсанми?” деб сўрадим.
Аммо Павлус, мен император жаноби олийлари қарор чиқармагунча қамоқда қоламан, деди. Шунинг учун мен: “Павлусни Қайсарнинг ҳузурига жўнатгунимча, у қамоқда сақлансин”, деб буйруқ бердим.
Эртаси куни Агриппа билан Верника дабдаба билан келиб, мингбошилар, шаҳарнинг юқори мартабали одамлари билан бирга йиғин залига кирдилар. Фестус: “Павлус олиб келинсин!” деб буйруқ берди.
— Шоҳ Агриппа жаноблари! Бу ерда ҳозир бўлганлар! — деди Фестус. — Манави одамни кўриб турибсизлар. Шу ердаги ва Қуддусдаги ҳамма яҳудийлар бу одамга қаршидир. Улар менга шикоят қилиб: “Бу одам яшашга лойиқ эмас!” деб шовқин солмоқдалар.
Аммо менинг назаримда бу одам ўлимга лойиқ бирон иш қилмаган. У император жаноби олийларининг ҳукмини талаб қилгани учун, уни Римга юборишга қарор қилдим.
Аммо у тўғрида император жаноби олийларига ёзишим учун аниқ бир нарса йўқ. Шунинг учун мен бу одамни сизларнинг ҳузурингизга, хусусан шоҳимиз Агриппа жаноби олийлари, сизнинг ҳузурингизга олиб келдим. Бу масалани кўриб чиққанимиздан кейингина, мен бирон нарса ёзишим мумкин.