Шундай қилиб, яна бир саволим бор. Наҳотки Худо Ўз халқини рад қилган бўлса? Йўқ, асло! Мен ўзим Исроил халқидан бўлиб, Иброҳимнинг авлодиданман, Бенямин қабиласига тегишлиман–ку!
Худо азалдан танлаб олган халқини рад қилгани йўқ. Муқаддас Битикларда Илёс пайғамбар ҳақида нима ёзилгани эсингизда йўқми?! У Исроил халқидан шикоят қилиб, Худога шундай деган эди:
“Эй, Эгам, Исроил халқи қурбонгоҳларингни бузди, пайғамбарларингни қиличдан ўтказди. Ёлғиз мен қолдим, холос. Энди жонимни олиш учун мени ҳам қидириб юрибдилар.”
Бундан яна бир савол келиб чиқади. Яҳудийлар қоқилганда, бутунлай ҳалок бўлдиларми? Йўқ, асло! Аксинча, улар Масиҳни рад қилганлари учун ғайрияҳудийлар нажотга эга бўлдилар, токи Исроил халқининг рашки қўзғалсин.
Яҳудийлар Масиҳни рад этиб, бутун дунёни янада бойитдилар. Ўзлари йўқотган бойлик билан ғайрияҳудийларга фойда келтирдилар. Агар уларнинг бу гуноҳи шундай самара келтирган бўлса, уларнинг нажот топиши қанчалик фойда келтиришини бир тасаввур қилиб кўринглар–а!
Шундай экан, бошқа новдаларга қараб мақтанманглар. Агар жуда кеккайиб кетсангизлар, ёдга олинглар, сизлар томирни эмас, балки томир сизларни озиқлантиряпти.
Тўғри, лекин эсингизда бўлсин: улар ишонмаганлари учун синдириб ташландилар, аммо сизлар имонингиз орқали пайванд қилингансиз. Шунинг учун кеккайиб кетманглар, балки Худодан қўрқинглар.
Шундай қилиб, Худонинг меҳрибонлиги ва қаттиққўллиги ҳақида ўйлаб кўринг: Худонинг нажотини рад қилганларга У қаттиққўллик қилди, сизларга — пайванд қилинганларга эса У меҳрибонлик кўрсатди. Агар Худога содиқ қолсангиз, Унинг меҳрибонлигидан баҳраманд бўлаверасиз. Бўлмаса, Худо сизларни ҳам кесиб ташлайди.
Ахир, сизлар ёввойи зайтун дарахтидан кесиб олиниб, парваришланган зайтун дарахтига, табиатга хилоф равишда пайванд қилиндингиз. Шундай экан, улар — табиий новдалар, ўзларининг дарахтларига қандай осонлик билан қайта пайванд қилинадилар–а!
Хушхабарни рад қилиб, яҳудийлар Худонинг душманлари бўлиб қолдилар, бу сизлар — ғайрияҳудийларга фойда келтирди. Аммо Худо яҳудийларни танлагани учун, уларнинг ота–боболари ҳақи ҳали ҳам уларни яхши кўради.
Сиз — ғайрияҳудийлар ҳам бир вақтлар итоатсиз эдингиз, аммо энди Худо сизларга меҳр–шафқат кўрсатди. Бу яҳудийларнинг итоатсизлиги натижасида содир бўлди.