Қадимги Битикларда нимаики ёзилган бўлса, бизнинг таълим олишимиз учун ёзилган. Биз бу Битиклардан сабр ва тасалли топиб, умидимизда маҳкам туришимиз лозим.
Мен сизларга айтяпман: Худонинг ота–боболаримизга берган ваъдаларини бажариб, Унинг содиқлигини кўрсатиш ниятида Исо Масиҳ яҳудийларнинг хизматкори бўлиб келди.
Масиҳнинг келишидан яна бир мақсади шу эдики, ғайрияҳудийлар ҳам Худонинг меҳр–шафқати учун Уни улуғласинлар. Муқаддас Битиклардa ёзилганидай: “Xалқлар ичра Сенга ҳамдлар айтурман, Сенинг исмингни куйлаб сано айтурман.”
Шунинг учун, баъзи бир нарсаларни эслатай деб, сизларга бу хатни ёзишга журъат қилдим, чунки мен Худонинг инояти билан Исо Масиҳнинг хизматкори этиб тайинланганман. Худонинг Хушхабарини айтиб, руҳоний сифатида ғайрияҳудийларга хизмат қилмоқдаман. Бунинг натижасида, ғайрияҳудийлар Худога манзур бўладиган, Муқаддас Руҳ орқали табаррук қилинган қурбонликдай Худога тортиқ этилмоқдалар.
Кучли мўъжизалару аломатлар билан, менинг айтганларим ва қилганларим орқали Масиҳ ғайрияҳудийларни Худога итоат қилиш йўлига бошлади. Аммо Исо Масиҳнинг мен орқали қилган ишларидан бошқа нарсалар ҳақида гапиришга журъат этмайман, чунки буларнинг ҳаммаси Худо Руҳининг қудрати ила содир бўлди. Шундай қилиб, мен Қуддусдан бошлаб, то Иллирия ҳудудига қадар Масиҳнинг Хушхабарини ёйиб, ўз вазифамни бажардим.
Шу билан бирга, мен бошқаларнинг пойдевори устига бино қурмайин, деб ҳали Масиҳнинг номи овоза қилинмаган ерларда Хушхабарни ёйиш учун жон куйдиряпман.
Шунинг учун Испанияга бораётганимда, йўлда сизларни кўриб ўтаман. Оз бўлса–да, дийдорингизга тўйганимдан кейин, йўлимда давом этишим учун керакли бўлган муҳтожликларимни қондирарсизлар, деган умиддаман.
Буни ҳам қарз, ҳам фарз, деб билганлари учун, хурсандчилик билан шундай қилдилар. Ахир, ғайрияҳудийлар яҳудийлар туфайли руҳий неъматларга сазовор бўлдилар–да, шунинг учун улар ўз моддий бойликларини яҳудийлар билан баҳам кўришни лойиқ топдилар.