Худонинг Коринф шаҳридаги жамоатига салом! Худо сизларни Ўзининг азиз халқи бўлишга даъват қилиб, Исо Масиҳ орқали Ўзи учун ажратиб олган. Шундай қилиб, ҳар ерда Раббимиз Исо Масиҳга сажда қилаётганларнинг қаторига қўшилдингиз. Исо Масиҳ уларнинг ҳам, бизнинг ҳам Раббимиздир.
Мен қуйидагиларни назарда тутяпман, орангизда баъзилар: “Мен Павлуснинг шогирдиман”, яна баъзилар эса: “Мен Аполлоснинг шогирдиман”, яна бошқалар: “Мен Бутруснинг шогирдиман”, яна бир хил одамлар: “Мен Масиҳнинг шогирдиман”, деб айтаётган эмиш.
Зотан, Масиҳ мени одамларни сувга чўмдирсин, деб эмас, балки Хушхабарни ёйсин, деб юборди. Менга бу Хушхабарни инсонларга оид бўлган донолик билан ёйиш буюрилмади, бўлмаса Масиҳнинг хочдаги ўлими ҳақидаги хабарнинг кучи йўқолган бўларди.
Модомики Худонинг ҳикмати бўйича бу дунё ўз ақл-заковати билан Худони таниб–билмаган экан, тентакликдай туюлган xабарга ишонганларни Худо қутқаришни лозим кўрди.
Лекин Худо доноларни шарманда қилиш учун дунёдаги ақлсиз деб ҳисобланганларни танлади. Қудратлиларни шарманда қилиш учун У дунёдаги заиф ҳисобланганларни танлади.
Исо Масиҳ орқали Худо бизга янги ҳаёт ато этиб, У орқали доноликка эга бўлганимизни намоён қилди. Биз Масиҳнинг шарофати билан оқланиб, гуноҳдан қутқарилдик, Худонинг азиз халқи бўлдик.