Худо ҳамма нарсани Ўз хоҳиши бўйича бажаради. У биз учун ҳам Ўзининг орзу-ниятини амалга ошириб, бизни Масиҳ орқали азалдан танлади ва самовий меросдан баҳраманд қилди.
Сизлар ҳам ҳақиқат каломини, яъни нажотингиз тўғрисидаги Хушхабарни эшитиб, Масиҳга имон келтирдингизлар. Имонингизнинг тасдиғи ўлароқ Худо ваъда қилган Муқаддас Руҳни қабул қилдингизлар.
Мен Раббимиз Исога бўлган эътиқодингиз ва бутун Худо азизларига бўлган муҳаббатингиз ҳақида эшитганимдан буён, доим сизларни ибодатларимда эслайман, тинмай Худога шукроналар айтаман.
Унинг Ўзи сизларнинг кўнгил кўзларингизни ёруғ қилсин, токи У сизларни нақадар улуғ бир умидга чорлаганини билиб олинглар, Ўз азизларини қанчалик бой ва улуғвор бир меросга сазовор қилганини қадрланглар.
Худо Ўзининг чексиз салтанатини жорий қилиб, ана шу куч-қудратини амалда кўрсатди: Масиҳни тирилтириб, Уни самовий оламда Ўзининг ўнг томонига ўтқазди.