Филиппи шаҳридаги Исо Масиҳ уммати бўлган барча Худонинг азизларига, айниқса имонлилар жамоатининг бошлиқлари ва хизматкорларига, Исо Масиҳнинг қуллари биз - Павлус ва Тимўтийдан салом!
Менинг ҳаммаларингиз ҳақингизда шундай фикр қилишим ўринлидир. Сизлар менинг кўнглимдасизлар. Чунки кишанбандлигимга қарамасдан, ҳар бирингиз Хушхабарни ҳимоя қилиш ва қарор топтиришимда мени ёқлаб келмоқдасизлар, шу тариқа Худонинг менга берган иноятидан ҳам баҳраманд бўлиб келмоқдасизлар.
Шунингдек, Раббимиз Исога қарашли бўлган биродарларимизнинг кўпчилик қисми ҳам менинг кишанбандлигимдан руҳланиб, Раббимиз каломини янада ботирлик билан тарғиб қила бошладилар.
Яшасам ҳам, ўлсам ҳам, ҳар ҳолда хижолатда қолмаслигимга қаноат ҳосил қилдим. Ҳар доим бўлиб келганидек, ҳозир ҳам Масиҳ менинг вужудимда улуғлансин, деган умидда яна жасурлик билан фаолият кўрсатишга жазм қилдим.
Фақат Масиҳнинг Хушхабарига муносиб равишда кун кечиринглар. Мен хоҳ келиб дийдорингизни кўрсам ҳам, хоҳ сизлардан узоқ бўлсам ҳам, аллақачон эшитганимдек, сизлар имонда собитқадам бўлиб, Инжил йўлида якдиллик билан курашиб бораётганингизни билиб олай.
Сизларга қаршилик кўрсатаётганларнинг ҳеч қандай дўқ-пўписаларидан чўчиманглар. Ана шу уларнинг ҳалок бўлишидан, сизларнинг эса халос бўлишингиздан далолат бермоқда. Зотан бу - Худонинг иши.