Худонинг қули ва Исо Масиҳнингҳаворийси бўлган мен — Павлусдан салом! Худонинг танланган одамлари имонда собит бўлсинлар ва художўйликка чорловчи ҳақиқатни билиб олсинлар деб, Худо мени бу хизматга тайинлади.
Қадрдоним Титус, бизнинг эътиқодимиз бир, сен менга ўз ўғлимдай бўлиб қолгансан. Отамиз Худо ва Нажоткоримиз Исо Масиҳ сенга иноят ва тинчлик ато қилсин.
Жамоат оқсоқоли яхши ном чиқарган бўлиши шарт. У ўз хотинига вафодор бўлсин. Унинг фарзандлари имонли бўлиб, шалоқлик ва итоатсизлик айбидан ҳоли бўлишсин.
Ҳақиқатга ўргатилган, Хушхабар ақидаларига қаттиқ риоя қиладиган инсон бўлсин. Шунда у бошқаларга ҳам соғлом таълимот билан насиҳат қила олади, қаршилик қилувчиларни эса фош эта олади.
Мана, улардан чиққан бир мутафаккир ўз юртдошлари ҳақида шундай деган: “Критликлар доимо ёлғон гапиришади, Улар еб–тўймас дангасалардир, Гўёки йиртқич ҳайвонлардир”.