Имони бизга ибрат бўлиб хизмат қиладиган ана шу одамларнинг ҳаммаси атрофимизни ўраб олган. Бу катта оломон бизни кузатиб тураркан, тақдиримиздаги мусобақада сабр–тоқат билан чопайлик. Югуришимизга халақит бераётган ҳар қандай юкни, айниқса, тўсқинлик қилаётган ҳар қандай гуноҳни бир четга улоқтириб ташлайлик.
Исога кўз тикайлик. Ахир, У бу имон мусобақасида биз учун йўл очиб, бутун масофани биздан олдин югуриб ўтди. Исо келажакдаги шодликка эришиш учун, шармандали ўлимни писанд қилмай, хочда азоб билан жон берди. Ҳозир эса У Худо тахтининг ўнг томонида ўтирибди.
Чекаётган азобларингизни Худонинг тарбияси, деб билиб, сабр–тоқат қилинглар. Чунки Худо сизларни Ўз фарзандларидай кўриб, тарбия қиляпти. Ахир, ҳар бир ота ўз фарзандини тарбия қилади–ку!
Биз жисмоний оталаримизнинг тарбиясини олиб, уларни ҳурмат қилиб келяпмиз. Шундай экан, янги ҳаётга эга бўлиш учун осмондаги Отамизга бундан–да кўпроқ итоат қилишимиз керак эмасми?!
Жисмоний оталаримиз қисқа вақт давомида, бизни ўз билганидай тарбиялаган эдилар. Худо эса бизнинг манфаатимизни кўзлайди. Биз У каби муқаддас бўлишимиз учун Худо бизни тарбиялайди.
Эҳтиёт бўлинглар, тағин, ўзингизни Худонинг иноятидан маҳрум қилиб қўйманглар. Ораларингизда аччиқ илдиз ўсишига йўл қўйманглар, акс ҳолда унинг заҳри муаммолар туғдириб, кўпларингизни ҳаром қилади.
Ўзингизга маълумки, кейин Эсов ваъда қилинган меросни олиш учун, отасидан: “Мени дуо қилинг”, деб сўради, аммо отаси уни рад этди. Эсов кўз ёш тўкиб, отасига ёлворса–да, воз кечган меросини қайтариб олишга асло имкони йўқ эди.
Сизлар яқинлашган тоғ Синай тоғи эмас. Синай тоғи жисмоний бир тоғ бўлиб, унга қўл теккизиб кўрса бўларди. У ерда аланга ловуллаб ёнарди, устини зулмат, қора булут қоплаган, бўрон босган эди.
Эҳтиёт бўлинглар, сизларга гапираётган Худодан юз ўгирманглар! Худо ер юзида гапирган вақтда Уни рад этганлар ҳалокатдан қутула олмаганлар. Шундай экан, биз осмондан гапираётган Худони рад этсак, икки дунёда ҳам жазодан қутула олмаймиз!
Ўша вақтда Унинг овози ерни ларзага солган эди. Энди эса У шундай демоқда: “Мен яна бир бор ерни ларзага соламан, аммо бу сафар осмонни ҳам титратаман.”