Эй севганларим, муштарак нажотимиз ҳақида ёзишга ғайратим кўп бўлган. Худо бу имонни ўз азизларига умрбод омонатга топширган, мен эса сизни шу йўлда яна жонкуярлик билан курашишга ундамоқни лозим кўрдим.
Чунки баъзи бетавфиқ одамлар сизнинг орангизга ўғринча кириб олганлар. Булар Худонинг иноятидан бузуқлик қилишда фойдаланади, ягона Эга Худони ва Раббимиз Исо Масиҳни эса рад қиладилар. Уларнинг жазоси азалданоқ ёзилган.
Уларга ўхшаб, фаҳшбозликка ва нотабиий шаҳвоний ҳирсга берилган Садўм ва Ғамўра шаҳарлари, шунингдек, атрофдаги барча шаҳарлар ҳам абадий ўт билан куйдирилиб, бошқаларга ўрнак бўлди.
Ҳатто бош фаришта Микоил Мусо пайғамбарнинг жасади ҳақида иблис билан баҳслашганда, иблисни қарғашга журъат этолмай, фақат: “Раббим сенинг адабингни берсин”, - деган эди.
Аммо бу одамлар ақлига сиғдиролмаган ҳамма нарсани ёмонлайдилар. Қолаверса, улар онгсиз ҳайвонлардай табиатан нимани уқсалар, бундан ҳалокатга йўлиқадилар.
Уларнинг ҳолига вой! Улар Қобилнинг йўлидан бормоқдалар. Улар Балъом каби манфаатпарастлик тузоғига илинганлар. Улар Қўраҳга ўхшаб исён қилиб, ҳалокатга учрайдилар.
Севги кечаларингизда сизлар билан бирга уялмасдан еб-ичадиган бу одамлар қора бир доғдир. Улар фақат ўзларини семиртирадиган чўпонлар, шамолда учиб юрадиган ёмғирсиз булутлардир. Улар томири билан юлиб ташланган, мевасини тугмаган, икки марта ўлган кузги дарахтлардир.
Улар денгизнинг жўшқин тўлқинларидай ўзининг қабоҳатларини атрофга сачратадилар. Улар адашган юлдузлардир. То абад уларга қоп-қоронғи зулмат тайёрлаб қўйилган.
Булар - ўз тақдиридан норози нолувчилар. Улар фақат ўз нафсини ўйлаб иш қиладилар, дабдабали гаплар ва тилёғламалик билан одамларнинг кўнглини овлайдилар.
Бошқаларни эса оловдан олиб чиққандек, таваккал қилиб қутқариб қолинглар. Яна баъзиларни шафқат ва қўрқув билан фош қилиб, уларнинг танаси булғаган кийимдан ҳам ҳазар қилинглар.