Муқаддас Китоб 2016 (UZB)
|
| 1 |
| Шундан кейин мен янги бир осмон ва янги бир ерни кўрдим. Аввалги еру осмон ғойиб бўлган эди, денгиз ҳам энди йўқ эди. |
| 2 |
| Мен муқаддас шаҳар — янги Қуддусни кўрдим. Қуддус осмондан, Худо ҳузуридан тушиб келаётган эди. У куёви учун безаниб олган келинчакка ўхшар эди. |
| 3 |
| Мен тахтдан баланд бир овоз келганини эшитдим. Ўша овоз деди: “Худонинг маскани инсонлар орасидадир! У энди одамлар орасида яшайди, Улар Худонинг халқи бўладилар. Худонинг Ўзи улар билан бирга бўлади. |
| 4 |
| Худо уларнинг кўзидаги ҳар бир томчи ёшни артиб қўяди. Энди ўлим мавжуд бўлмайди, Ҳеч ким қайғурмайди, йиғламайди, азоб чекмайди. Зеро, аввалгилар ўтиб кетди.” |
| 5 |
| Тахтда ўтирган Зот шундай деди: “Мана, Мен ҳаммасини янги қилиб яратяпман!” Кейин У менга деди: “Буларни ёзиб қўй. Ахир, бу сўзлар ишончли ва тўғридир!” |
| 6 |
| Сўнг менга яна деди: “Амалга ошди! Ибтидо ва Интиҳо, Боши ва Поёни Ўзимман. Чанқаганга Мен булоқдаги ҳаётбаxш сувдан ичираман. Бунинг эвазига у ҳеч қандай тўлов бермайди. |
| 7 |
| Ғолиб келганларга бу баракалар насиб бўлади. Мен унинг Худоси бўламан, у Менинг ўғлим бўлади. |
| 8 |
| Аммо қўрқоқ, имондан қайтган, ифлос, қотил, бузуқ, жодугар, бутпараст ва ҳамма ёлғончиларнинг қисмати олов ва олтингугурт билан ёнаётган кўлдадир. Бу иккинчи ўлимдир.” |
| 9 |
| Шу пайт мен охирги етти балога тўлдирилган еттита косани ушлаган етти фариштадан бирини кўрдим. У олдимга келиб, менга деди: “Бу ёққа кел! Мен сенга келинни, Қўзининг хотинини кўрсатаман.” |
| 10 |
| Муқаддас Руҳ мени қамраб олди ва фаришта мени баланд бир тоғнинг чўққисига олиб чиқди. У менга осмондан, Худо ҳузуридан тушаётган муқаддас шаҳар — Қуддусни кўрсатди. |
| 11 |
| Шаҳар Худонинг улуғворлигига тўлиб, қимматбаҳо жавоҳирдай, биллурдай соф яшма тошидай ярқирарди. |
| 12 |
| Қалин ва баланд девор билан ўралган бу шаҳарнинг ўн икки дарвозаси бор эди. Ҳар бир дарвозани биттадан фаришта қўриқларди. Дарвозаларда Исроил халқининг ўн икки қабиласи номлари ёзилганди. |
| 13 |
| Дарвозаларнинг учтаси шарқда, учтаси шимолда, учтаси жанубда ва учтаси ғарбда жойлашган эди. |
| 14 |
| Шаҳар деворларининг ўн иккита пойдевори бор эди. Пойдеворларга Қўзининг ўн икки ҳаворийси исмлари ёзилганди. |
| 15 |
| Менга гапирган фариштанинг қўлида олтин чизғичи бор эди. Бу чизғич шаҳарни, унинг дарвозаларию деворини ўлчаш учун эди. |
| 16 |
| Шаҳар тўртбурчак шаклда бўлиб, узунлиги билан эни бир хил эди. Фаришта чизғичи билан шаҳарни ўлчади, шаҳарнинг эни 12.000 ўқ отими экан. Унинг узунлиги билан баландлиги ҳам шундай эди. |
| 17 |
| Сўнг фаришта шаҳарнинг деворини ўлчади. Деворнинг баландлиги 144 тирсак чиқди. Фаришта инсоний ўлчовдан фойдаланганди. |
| 18 |
| Шаҳар девори яшма тошидан қурилганди. Шаҳарнинг ўзи эса шишадай тиниқ, соф олтиндан эди. |
| 19 |
| Шаҳар деворларининг пойдеворлари турли қимматбаҳо тошлар билан безатилган эди: биринчи пойдевор яшмадан, иккинчиси кўк ёқутдан, учинчиси агатдан, тўртинчиси зумраддан эди. |
| 20 |
| Бешинчиси ақиқ, олтинчиси лаъл, еттинчиси хризолит, саккизинчиси берилл, тўққизинчиси топаз, ўнинчиси забаржад, ўн биринчиси ложувард, ўн иккинчиси аметистдан эди. |
| 21 |
| Ўн икки дарвоза ўн икки марвариддан иборат эди. Ҳар бир дарвоза битта марвариддан ясалган эди. Шаҳарнинг шоҳ кўчаси соф олтиндан бўлиб, шишадай мусаффо эди. |
| 22 |
| Мен бу шаҳарда Mаъбад кўрмадим. Зотан Қодир Худо — Эгамизнинг Ўзи ва Қўзи шаҳарнинг Mаъбадидир. |
| 23 |
| Шаҳарни ёритиш учун қуёшга ёки ойга эҳтиёж ҳам йўқ. Чунки Худонинг улуғворлиги уни ёритади, Қўзининг Ўзи унинг чироғи бўлади. |
| 24 |
| Халқлар шаҳарнинг нурида юришади. Ер юзи шоҳлари унга ўз бойликларини келтиришади. |
| 25 |
| Шаҳар дарвозалари кун бўйи ёпилмайди, у ерда тун бўлмайди. |
| 26 |
| Халқларнинг улуғвор хазиналари унга киритилади. |
| 27 |
| Лекин ҳеч қандай ҳаром нарса, жирканч ишлар қиладиган ёки ёлғон гапирадиган биронта киши унга кирмайди. Фақат Қўзининг ҳаёт китобида ёзилганлар кирадилар. |
|
| Eslatmalarni Saqlash |
https://beblia.bible:81/BibleAudio/uzbekuzb/revelation/021.mp3
22
21