Нима эшитган ва қабул қилган бўлсанг, эслаб амалга ошир ва тавба қил. Агар бедор бўлмасанг, Мен ўғридай босиб келаман, сен эса қайси соатда сени босиб олишимни билмайсан.
“Филаделфиядаги жамоатнинг фариштасига ёз:Муқаддас ва Ҳақ, Довуднинг калитига Молик, очганини ҳеч ким бекита олмайдиган, бекитганини эса ҳеч ким оча олмайдиган Зот шундай дейди:
Сенинг ишларингни биламан. Мана, олдингдаги эшикни очдим, уни ҳеч ким бекита олмайди. Сенда куч кўп эмас, аммо Менинг сўзимни сақладинг, номимни инкор этмадинг.
Мана, шайтон йиғинидан бўлганларни Мен нима қиларканман? Улар ўзларини ёлғондан яҳудий дейдилар, аммо яҳудий эмаслар. Мен уларни шундай кўйга соламанки, келиб сенинг оёғингга сажда қиладилар, Мен сени нақадар севганимни билиб оладилар.
Сен Менинг сабр қилиш ҳақидаги амримни бажо келтирдинг, шунинг учун Мен ер юзи бўйлаб яшовчиларни синаш учун юбориладиган васваса соатидан сени асрайман.
Ғолибни Мен Худойимнинг маъбадида устун қиламан, у бошқа у ердан чиқмайди. Унинг пешанасига Худойимнинг номини, шунингдек, Худойим олдидан, осмондан тушадиган Худойимнинг шаҳри - янги Қуддуснинг номини ва Ўзимнинг янги номимни ҳам ёзаман.
Мана, Мен эшик олдида туриб, тақиллатяпман. Кимда-ким овозимни эшитиб эшикни очса, Мен унинг ёнига кираман; Мен у билан, у Мен билан кечки овқатни баҳам кўрамиз.