Кейин мен Қўзининг етти муҳрдан бирини ечганини кўрдим. Ўша пайтда тўртта жонли мавжудотдан бири момақалдироққа ўхшаш овоз билан: “Кел!” — деб айтганини эшитдим.
Шу пайт бошқа бир от чиқиб келди. У қип–қизил рангда эди. Халқлар бир–бирига қирғин келтирсин деб, бу от устидаги суворига дунёни тинчликдан маҳрум қилиш қудрати берилганди. Унга катта қилич ҳам берилди.
Қўзи учинчи муҳрни ечганда, мен учинчи мавжудотнинг: “Кел!” — деб айтганини эшитдим. Шунда мен қора отни кўрдим. Бу от устидаги суворининг қўлида тарози бор эди.
Мен тўртта мавжудотнинг орасидан чиққан овозга ўхшаш бир садони эшитдим. Ўша овоз деди: “Одамлар бир кунлик иш ҳақига бор–йўғи бир коса буғдой ёки уч коса арпа сотиб оладиган бўлсин. Аммо зайтун боғлари ва узумзорларга зарар етказма!”
Шунда мен кўкимтир рангдаги бир отни кўрдим. От минган суворининг номи Ўлим эди. Ўликлар диёри унинг кетидан эргашиб келаётган эди. Уларга дунёнинг тўртдан бир қисми устидан ҳокимият берилганди. Улар ердаги одамларни қилич, қаҳатчилик, ўлат ва ёввойи ҳайвонлар орқали ўлдиришлари мумкин эди.
Қўзи бешинчи муҳрни ечганда, мен қатл қилинган одамларнинг жонларини қурбонгоҳ остида кўрдим. Улар Худонинг каломи ва берган шаҳодатларига содиқ қолганлари учун ўлдирилган эдилар.
Улар қаттиқ фарёд қилиб шундай дердилар: “Ё Эгамиз, Сен муқаддас ва ҳақдирсан. Сен қачон дунёда яшаётганларни ҳукм этасан? Қачон улардан ўлимимиз учун қасос оласан?”
Бу жонларнинг ҳар бирига оқ либос берилди. Уларга: “Қисқа бир муддат дам олиб туринглар”, деб айтилди. Бошқа хизматчи биродарлар ҳам улар сингари ўлдирилиб, сони белгиланган сонга етгунга қадар улар кутиб туришлари керак эди.
Қўзи олтинчи муҳрни ечаётганини мен кузатиб турдим. Шунда қаттиқ зилзила рўй берди. Қуёш қора жундай тим қора бўлиб қолди, тўлин ой эса қондай қип–қизил тусга кирди.
Дунёнинг шоҳлари, аслзодаларию лашкарбошилари ғорларга ва тоғларнинг қоялари орасига яшириндилар. Улар билан бирга бойлару кучлилар, қулу эркин одамлар яшириндилар.