Эгамизнинг фариштаси Гилгалдан Бохимга келиб шундай деди: — Мен сизларни Мисрдан олиб чиқдим. Онт ичиб, ота–боболарингизга бераман, деган юртга сизларни олиб кирдим. Мен: “Сизлар билан тузган аҳдимни ҳеч қачон бузмайман”, деган эдим.
Бундай қилганингиз учун юртингизда яшаб юрган бу халқларни Мен энди ҳайдаб чиқармайман. Улар сизларга душман бўлиб, уларнинг худолари сизларга тузоқ бўладилар.
Ёшуа даврида одамлар Эгамизга сажда қилишар эди. Улар Ёшуанинг ўлимидан сўнг, Эгамиз Исроил учун қилган буюк ишларини кўрган оқсоқоллар даврида ҳам Эгамизнинг амрларини бажаришар эди.
Исроил халқи қаерда жанг қилмасин, Эгамиз огоҳлантирганидек, уларнинг бошларига фалокат келтириш учун ҳар сафар уларга қарши Ўзи чиқар эди. Исроил халқи оғир аҳволда қолган эди.
Эгамиз уларга ҳакам юборар экан, ҳар бир ҳакам билан Ўзи бўлар эди, ўша ҳакам даврида халқини душманлардан халос қиларди. Чунки золим ва зўравонларнинг дастидан нолиган халққа Эгамизнинг раҳми келар эди.
Аммо ҳакам оламдан кўз юмгач, улар яна эски қилмишларига қайтишар эди. Ота–боболаридан ҳам баттар гуноҳлар қилиб, бошқа худоларга сажда қилишар, уларга сиғинишар эди. Бу одатларининг биронтасини ҳам қолдирмай, қилмишларини ўжарлик билан давом эттиришар эди.