Кейин бир–бирларидан: “Исроил қабилаларидан Эгамиз ҳузурида ўтказилган йиғинга келмаганлар борми?” — деб сўрадилар. Чунки улар, Миспахда — Эгамиз ҳузурида ўтказилган йиғинда иштирок этмаган ҳар бир кишининг жазоси ўлимдир, деб қатъий бир қасам ичган эдилар.
Бутун жамоа ўн икки минг жангчини танлаб, уларга: “Боринглар, Гиладдаги Ёбош шаҳрининг бутун аҳолисини қириб ташланглар, хотину бола–чақаларини ҳам аяманглар!” — деди.
Бенямин одамлари ўз уйларига қайтиб боришди. Исроил халқи Гиладдаги Ёбош аҳолисининг омон қолган қизларини уларга турмушга берди. Аммо қизларнинг сони Бенямин одамларига қараганда камроқ эди.
Қизларнинг оталари ёки ака–укалари олдимизга шикоят қилиб келадиган бўлишса, биз уларга шундай деймиз: “Қизларингизни олиб қолишимизга ижозат беринглар. Тушунинглар ахир, биз Гиладдаги Ёбошга ҳужум қилганимизда Бенямин йигитлари учун етарлича қиз олиб кела олмадик. Гарчи Бенямин йигитлари қизларингизни олиб қочган бўлса–да, сизлар қасамни бузган ҳисобланмайсизлар.”
Бенямин одамлари Шилўга бориб, узумзорларда яшириниб олдилар. Қизлар рақсга тушганларида улар ўзлари учун биттадан қиз олиб қочдилар. Сўнг олиб қочган қизлари билан уйларига қайтиб кетдилар, шаҳарларини тиклаб, ўша жойда яшадилар.