Исроилда ҳакамлар ҳукмронлиги даврида бир муддат очарчилик бўлган эди. Бир одам хотини ва икки ўғли билан бирга бирмунча вақт яшаш ниятида Мўаб юртига жўнади. У Яҳудонинг Байтлаҳм шаҳридан эди.
У одамнинг номи Элималек, хотинининг оти Наима, ўғилларининг исмлари эса Махлўн ва Хилён эди. Бу оила Яҳудонинг Байтлаҳм шаҳридан — Эфратлик эди. Улар Мўаб юртига бориб, ўша ерда яшаб қолди.
“Эгамиз ўз халқига эътибор бериб, уларга нон берди”, деган хабарни эшитгач, Наима ўз юртига қайтишга қарор қилди. Наима яшаб келган Мўаб юртини ташлаб, келинлари билан бирга йўлга тушди ва Яҳудога қараб юришди.
Йўлда давом этишаркан, Наима иккала келинига деди: — Боринглар, икковингиз ҳам оналарингизнинг уйларига қайтинглар. Менга ва марҳумларга бўлган иззат–ҳурматингиз учун Эгам сизларга ҳам марҳамат қилсин.
Икковларингизга ҳам яхши жойлардан ато қилсин, турмуш қуриб, ўз эрларингиз билан бахтли бўлинглар! Шундай деб Наима келинларини ўпди, иккаласи эса йиғлаб фарёд кўтаришди:
Наима эса яна келинларига: — Қайтинглар, жон қизларим! — деди. — Мен билан кетганингиздан нима фойда?! Қорнимда яна ўғилларим бормидики сизларга умр йўлдоши бўлса?!
— Сиздан ажралишга, қайтиб кетишга мени мажбур қилманг, — деди Рут. — Сиз қаерга борсангиз, мен ҳам ўша ерга бораман, сиз қаерда бўлсангиз, мен ҳам ўша ерда бўламан. Сизнинг халқингизни ўзимнинг халқим, сизнинг Худойингизни ўзимнинг Худойим дейман.
Сиз қаерда оламдан ўтсангиз, мен ҳам ўша ерда жон бериб, дафн қилинаман. Эгам мени не кўйга солса солсин, ундан баттарроғини ҳам қилсин. Мени сиздан фақат ўлим ажрата олади.
Икковлари йўл юриб Байтлаҳмга етиб келишди. Байтлаҳмга етиб келганларида, уларни кўриб бутун шаҳар ғимирлаб қолди. Аёллар бир–бирига: “Ийи, наҳотки бу ўша Наима бўлса?!” деб ҳайрон қолишди.
Мен бу ердан тўкис бўлиб чиқиб кетган эдим, Эгам эса қуп–қуруқ қайтарди. Энди нега мени Наима дейсизлар?! Ахир, Эгам — Қодир Худо мени азоб–уқубатларга гирифтор қилиб, бахтсиз қилди–ку!