Муқаддас Китоб 2016 (UZB)
|
| 1 |
| Наиманинг Бўаз деган қариндоши бўлиб, анчагина обрўли, бадавлат одам эди. У Наиманинг марҳум эри Элималек уруғидан эди. |
| 2 |
| Бир куни Мўаблик Рут Наимага: — Мен далага бормоқчи эдим. Ким илтифот кўрсатса, ўша даладан бошоқ териб келардим, — деди. — Майли, боравер, қизим, — деди Наима. |
| 3 |
| Рут кетди. Далага етиб келиб, ўроқчиларнинг орқасидан тўкилган бошоқларни тера бошлади. Қарангки, бу дала Элималекнинг қариндоши Бўазники экан. |
| 4 |
| Бир пайт Байтлаҳмдан Бўаз келиб қолди. У ўроқчиларга: — Ҳорманглар, Худо сизларга ёр бўлсин! — деди. Улар ҳам: — Бор бўлинг, Худо умрингизга барака берсин! — деб жавоб қайтаришди. |
| 5 |
| Бўаз ўроқчилар назоратчисига Рутни кўрсатиб: — Бу жувон ким? — деб сўради. |
| 6 |
| Ўроқчилар назоратчиси: — Бу ўша Мўаблик мусофир, — деди, — Наима билан бирга Мўаб юртидан келган. |
| 7 |
| У: “Мен ўроқчилар орқасидан юриб, тўкилган бошоқларни териб олсам”, деб сўраган эди. Тонг саҳарда келиб шу чоққача тинмай далада ишлади. Ҳозиргина чайлада бир оз дам олгани ўтирди. |
| 8 |
| Бўаз Рутга: — Менга қара, қизим, — деди, — бошоқ териш учун бошқа далага бормай қўя қол. Шу ерда менинг чўриларим билан бирга юравер. |
| 9 |
| Сен фақат хизматкорларим буғдой ўраётган далада бўл, уларнинг орқасидан юравер. Хизматкорларимга тайинлаб қўяман, сенга индашмайди. Чанқасанг, анави идишларда сув бор. Қудуқдан хизматкорларим тортиб олган, ичавер! |
| 10 |
| Рут ер ўпгудай бўлиб таъзим қилди: — Нечун назарингизга тушиб, шунчалик меҳрингизга сазовор бўлдим? Мен ахир, келгинди бўлсам, сиз менга шу қадар эътибор беряпсиз, — деди у Бўазга. |
| 11 |
| Бўаз шундай жавоб берди: — Эринг ўлгандан кейин қайнанангга қандай муносабатда бўлганингни менга айтиб беришди. Сен ота–онангни, юртингни ташлаб, илгари ўзингга бегона бўлган халқ орасида яшашга келдинг. |
| 12 |
| Яхшиликларинг учун Эгамдан қайтсин. Сен паноҳ истаб келган Исроил халқининг Худоси — Эгамдан сенга тўлиқ мукофот бўлсин. |
| 13 |
| — Сизнинг меҳрингизга сазовор бўлайин, тўрам! — деди Рут. — Сиз мендай чўрингизнинг дилидаги армонларини гапириб, тасалли бердингиз. Лекин мен сизнинг чўриларингиздан биронтаси эмасман–ку. |
| 14 |
| Тушлик пайти бўлганда Бўаз Рутга: — Бу ёққа кел, нондан ол, мусалласга ботириб егин, — деди. Рут хизматкорлар ёнидан жой олди. Бўаз унга қовурилган донлардан узатди. Рут тўйди ва озроқ орттириб ҳам қолдирди. |
| 15 |
| Сўнгра Рут яна бошоқ териб олай, деб ўрнидан туриб нарига кетди. Бўаз хизматкорларига шундай буйруқ берди: — У боғламлар орасидан ҳам териб олаверсин, зинҳор хафа қила кўрманглар. |
| 16 |
| Ҳатто боғламдан атайин ташлаб қолдириб кетинглар. У териб олсин, уни койиманглар. |
| 17 |
| Шундай қилиб, Рут қош қорайгунча далада бошоқ терди, терганларини янчиди. У янчган арпа бир тоғорадан кўпроқ чиқди. |
| 18 |
| Донни кўтариб, шаҳарга жўнади. У териб келган донни қайнанасига кўрсатди. Рут ўзи тўйгандан сўнг орттириб қолдирган қовурилган донларни қайнанасига берди. |
| 19 |
| Қайнанаси Рутдан сўради: — Қайда ишладинг? Кимнинг даласидан бошоқ тердинг бугун? Сенга ёрдам кўрсатганни Худо ёрлақасин! Рут кимникида ишлаганини қайнанасига айтди: — Бугун мен ишлаган даланинг эгаси Бўаз деган одам экан, — деди. |
| 20 |
| Наима келинига: — Уни Худо ёрлақасин! — деди ҳаяжонланиб. — Тирикларга, ҳам марҳумларга содиқ қолиб, марҳаматини дариғ тутмабди. Сўнг: — У киши бизнинг яқин қариндошларимиздан, оиламизни ўз паноҳига олишга бурчли одамлардан, — деб қўшиб қўйди. |
| 21 |
| Мўаблик Рут ҳам қўшимча қилди: — У менга ҳатто, даламда ўрим–терим тугамагунча, менинг хизматкорларим билан бирга юравер, деб айтди. |
| 22 |
| Наима келинига: — Яхши, қизим, сен унинг чўри қизлари билан юравер. Бегона далага борсанг, сенга озор беришлари мумкин, — деди. |
| 23 |
| Шу тариқа Рут арпа ва буғдой ўрими тугагунга қадар Бўазнинг чўри қизлари ёнида бошоқ териб юрар, қайнанаси билан бирга яшарди. |
|
| Eslatmalarni Saqlash |
https://beblia.bible:81/BibleAudio/uzbekuzb/ruth/002.mp3
4
2