Бир жуфт ҳўкизни сўйиб, нимталади. Хабарчилар орқали Исроилнинг ҳамма томонига ўша нимталанган бўлакларни жўнатиб, шундай деди: “Кимки Шоул билан Шомуилнинг орқасидан эргашмаса, ўша одамнинг ҳўкизлари ҳам худди шу аҳволга тушади.” Одамлар Эгамиздан қўрққанидан зир титраб, бир ёқадан бош чиқариб йўлга чиқди.
У ерга келган Ёбошлик хабарчиларга шундай дейишди: — Гиладдаги Ёбош аҳолисига, эртага кун тиккага келганда нажот топасизлар, деб айтинглар. Хабарчилар бориб, бу гапни етказишди. Ёбошликлар қувониб кетишди.
Эртаси куни Шоул одамларни уч қисмга бўлди. Улар тонг пайти Оммон лашкарининг қароргоҳига бостириб киришди. Куннинг жазирама иссиғи бошлангунча, уларни мағлуб қилиб бўлишди. Омон қолганлари шундай тирқираб қочдики, ҳатто бирон жойда икки киши тўпланганини учратиб бўлмасди.
Шундай қилиб, бутун халқ Гилгалга борди ва Эгамиз ҳузурида Шоулнинг шоҳлигини тасдиқлади. Ўша ерда — Эгамизнинг ҳузурида тинчлик қурбонликлари келтиришди. Шоул ва бутун Исроил халқи роса хурсандчилик қилишди.