Ўша куни Шоулнинг ўғли Йўнатан ёшгина қуролбардорига: — Юр, нариги томондаги Филистларнинг қўнолғаси турган жойга ўтамиз, — деди. Аммо бу ҳақда отасига ҳеч нарса айтмади.
Эфод кўтариб юрган руҳоний Охиё ҳам ўша ерда эди. Охиёнинг отаси — Охитоб, Охитобнинг акаси — Ихабод эди. Ихабод — Финхазнинг ўғли, Финхаз эса Шилўда Эгамизнинг руҳонийси бўлиб хизмат қилган Элахнинг ўғли эди. Одамлар Йўнатаннинг кетганини сезмай қолган эдилар.
Йўнатан Филистлар қўнолғасига довон орқали ўтмоқчи бўлди. Довоннинг ҳар икки томонида иккита баланд чўққи бор эди. Бириси — Бозаз, бошқаси Санех деб аталарди.
Йўнатан ёш қуролбардорига: — Юр, ўша суннатсизларнинг қўнолғаси томонга ўтайлик, Эгамиз бизга ёрдам беради, — деди. — У кўпчилик билан ҳам, озчилик билан ҳам ғалабага эриштираверади. Чунки Эгамиз учун тўсқинлик йўқ.
Йўнатан тирмашиб қир тепасига чиқа бошлади. Қуролбардори ҳам унга эргашди. Олдидан келган Филистларни Йўнатан, орқадан келганини қуролбардори ўлдираверди.
Ҳаммани — қароргоҳдаги ва қирдаги одамларни ваҳима босди. Сипоҳлар, ҳатто илғорлар ҳам дағ–дағ титрарди. Бирдан ер тебранди. Бу Худо юборган даҳшат эди.
Шоул руҳоний билан гаплашаётган пайтда Филистларнинг қароргоҳидаги ғала–ғовур роса авжига чиқди. Шунинг учун Шоул руҳонийга: — Керак эмас, қўявер! — деди.
Шунда илгари Филистлар томонда бўлган ва уларнинг қароргоҳига келган ибронийлар ҳам сафдан чиқиб, энди Шоул билан Йўнатаннинг сипоҳларига — Исроил сипоҳларига қўшилиб олишди.
Ўша куни Исроил лашкари жуда ҳам ҳолдан тойди, чунки Шоул онт ичиб лашкарига шундай деган эди: “Душманларимиздан ўч олмагунимизча, оқшомга қадар ким бир луқма таом еса, лаънати бўлсин!” Шунинг учун бирор кимса ҳеч нарса емади.
Шу заҳоти сипоҳлардан бири Йўнатанга: — Отангиз лашкарга, бугун ким таом еса, лаънати бўлсин, деб онт ичирган эди, шунинг учун одамлар ҳолдан тойган, — деди.
— Қаранг, лашкарингиз гўштни қони билан еб, Эгамизга қарши гуноҳ иш қиляпти! — деб аҳволни Шоулга маълум қилишди. — Хоинлик қилдингизлар, ҳозироқ катта бир тошни бу ерга юмалатиб олиб келинглар! — деди Шоул.
Сўнг қўшиб қўйди: — Лашкар орасида юриб айтинглар, ҳар бир одам моли, қўйини менинг ҳузуримга олиб келиб, шу ерда сўйиб, есин. Гўштни қони билан еб, Эгамизга қарши гуноҳ иш қилманглар. Ўша куни кечаси ҳар бир одам молини олиб келиб, Шоулнинг олдида сўйди.
Шоул ўз одамларига буюрди: — Сизлар бир томонда туринглар, ўғлим Йўнатан билан мен бошқа томонда турамиз. — Бир оғиз сўзингиз, — деб жавоб берди одамлар.
Аммо одамлар Шоулга эътироз билдирди: — Исроилни улуғ зафарга эриштирган Йўнатанни ўлдирмоқчимисиз? Асло! Худо шоҳид! Сочининг бир толасига ҳам қўл тегмайди. У бугун нима қилган бўлса, Худонинг мадади билан қилди. Шундай қилиб, одамлар Йўнатанни ўлимдан қутқариб қолди.